Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.04.2017 16:48 Чоп этиш версияси

Юзма-юз мулоқотлардан аҳоли мамнун

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши аъзолари Сайхунобод туманида бир қатор маҳаллалар фуқаролари билан мулоқот ўтказди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия марказий кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари Сирдарё вилояти ва Сайхунобод тумани Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари, вилоят соғлиқни сақлаш, меҳнат бошқармалари, банклар, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вакиллари, журналистлар иштирок этди.

Депутатлар “Халқ саломатлиги – олий қадрият”, “Халқ билан мулоқот – ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг энг самарали йўли” лойиҳалари доирасида Иттифоқ, Пахтакор, Нуробод ва Гулбулоқ маҳаллаларида бўлди.

– Мазкур лойиҳалар Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган халқ билан мулоқот қилиш, фуқароларнинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларни ижобий ҳал этиш каби муҳим масалаларга ечим топишга хизмат қилади, – дейди партия вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи А.Турсунбоев. – Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаркатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастури ижросида партия иштирокини кенгайтиришдир.

“Халқ саломатлиги – олий қадрият” лойиҳаси доирасида Сайхунобод туманининг Иттифоқ маҳалласида кам таъминланган оилалар вакиллари, оналар ва болалар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.

– 6 ойлик набирам кичик нуқсон билан туғилган, шунинг учун тез-тез шифокорлар кўригида бўлиб турамиз, – дейди Иттифоқ маҳалласида яшовчи Замира Рўзиқулова. – Барака топишсин, шифокорларнинг зарур муолажалари туфайли набирамнинг саломатлиги яхшиланмоқда. Аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган доимий ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз.

Гуруҳ вакиллари Иттифоқ, Пахтакор, Нуробод, Гулбулоқ маҳаллаларидаги кам таъминланган оилалар, ногиронлар, ижтимоий ёрдамга муҳтож кексалар ҳолидан хабар олди, совғалар улашди. Мулоқотларда иқтисодий инфратузилма ва тадбиркорликни ривожлантириш, молия-кредит муассасалари ишини самарали ташкил этиш, қишлоқ аҳолисига тиббий, маиший ва савдо хизмати кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларни ишга жойлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Қабул қилинаётган қонунлар ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар ижросини ўрганиш ҳамда аҳолининг талаб ва таклифларидан келиб чиқадиган вазифаларни белгилаб олиш келгуси фаолиятимизда муҳим аҳамият касб этади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати З.Акромова. – Тумандаги тўрт маҳаллада бўлиб, одамлар фикри ва эҳтиёжини ўргандик. Мулоқотларда кўтарилган кўпгина масалаларга жойида ечим топилди.

“Пахтакор” қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлган мулоқот давомида бир хонадоннинг маиший-ижтимоий муаммолари ўрганилди. Унда хонадон эгаси, иккинчи гуруҳ ногирони Раҳим Умаровнинг касб-ҳунар коллежини битирган ўғли Собиржон вақтинча ишсизлиги сабабли унга оиласида чорвачилик билан шуғулланиши учун тижорат банкидан кредит ажратилишига кўмаклашилди.

– Уйимизга совға юборган Президентимиздан беҳад миннатдормиз, – деб дуо қилди Нуробод маҳалласида яшовчи 91 ёшли Мамасоли Парпиев. – Тиббиёт ходимлари кунда-кунора саломатлигимдан хабардор бўлиб турибди. Уларнинг ҳам қўллари дард кўрмасин. Илгари давлат идоралари вакиллари уйимизга келиб ҳол сўрашини, дарду ташвишимизни эшитиши, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаши, муаммоларимизга ечим топишини хаёлимизга ҳам келтирмаган эканмиз. Халқнинг айни кўнглидаги гапларни амалда жорий қилаётган давлатимиз раҳбаридан жуда хурсандмиз.

Мамасоли отанинг ҳовлиси обод ва озода. Фарзандлари томорқага эккан картошка, сабзи, пиёз ва бошқа сабзавотлар кўм-кўк бўлиб яшнаб турибди. Хонадон соҳиблари помидор ва булғор қалампири, қалампир, бодринг ва бошқа маҳсулотлар ниҳолини қадаш, уруғини сепиш билан банд.

– Отам барчамизни бўш вақтда томорқада ишлашга ундайди, – дейди қизи Юлдуз Парпиева. – Рўзғор учун ун, гўшт ва турли ширинликлардан бўлак ҳеч нарса харид қилмаймиз. Худога шукр, сут, қатиқ, сабзавот, турли мевалар, полиз маҳсулотларини томорқамизда етиштирамиз. Бировдан кам жойимиз йўқ, ҳаётимиздан мамнунмиз.

Куннинг иккинчи ярмида Сайхунобод тумани Гулбулоқ маҳалласида гуруҳ вакиллари иштирокида аҳоли билан мулоқот ташкил этилди. Дастлаб кам таъминланган фуқаролар ўртасида ўтказилган тиббий кўрик натижалари юзасидан шифокорларнинг якуний ахбороти тингланди. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд муаммолар, таклифлар мутасаддиларга тақдим этилиб, депутатлар назорати ўрнатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда имконияти чекланган инсонларни тиббий кўрикдан ўтказиш, шифохона ва санаторияларда даволаниши, тиббий протез-ортопедия воситалари билан таъминланишига амалий ёрдам кўрсатилди.

Мулоқотлар чоғида ҳар бир ташкилот раҳбари ўз олдига қўйилган вазифа ва режалар тўғрисида ахборот берди. Мавжуд муаммолар бўйича саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Лойиҳалар доирасида кўчма “Жамоатчилик қабулхонаси” ташкил этилиб, унда фуқаролар Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан қабул қилинди. Кўтарилган ижтимоий аҳамиятга молик муаммо ва масалалар партия фракцияси орқали тегишли вазирлик ва идораларга етказиладиган бўлди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
3 820






Все о погоде - Pogoda.uz