ЎзА Ўзбек

10.08.2018 22:08 Чоп этиш версияси

Юртни обод этаётганлар шарафланди

Юртни обод этаётганлар шарафланди
Юртимиз ободлиги, файзли ва кўркам, замонавий қиёфаси қурувчиларнинг машаққатли меҳнати билан чамбарчас боғлиқ. Муҳташам бинолар, зилол фавворалар, кенг ва равон йўллар, сўлим истироҳат боғлари, маҳобатли кўприкларни кўриб уларнинг меҳнатига тассаннолар айтамиз. Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда август ойининг иккинчи якшанбаси қурилиш соҳаси ходимлари куни этиб белгиланган.

Пойтахтимиздаги "Туркистон" саройида ташкил этилган тантанали тадбирга қурувчи ва меъморлар, муҳандислар, йўлсозлар, соҳанинг фидойи мутахассислари таклиф этилди.

Тантанали тадбирни Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазири А.Тўхтаев кириш сўзи билан очди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимиз қурилиш соҳаси ходимларига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари О.Раматов ўқиб эшиттирди. 

12.JPG

Тадбирда таъкидланганидек, истиқлол йилларида мамлакатимизда қурилиш, меъморчилик ва шаҳарсозлик йўналишида ўзига хос анъаналар шаклланди. Мамлакатимизда қурилиш ва бунёдкорлик ишларига қаратилаётган юксак эътибор натижасида соҳада улкан ютуқлар қўлга киритилмоқда. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, уларни замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида ривожлантириш, аҳолининг уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида бугунги кунда юртимиз улкан қурилиш-бунёдкорлик майдонига айланди.

Мазкур қурилиш-бунёдкорлик ишларини амалга ошириш учун юртимизда кўплаб пудрат ташкилотлари, бош лойиҳа институтлари, лойиҳа ташкилотлари самарали фаолият кўрсатмоқда. Олий таълим даргоҳларида соҳа учун мутахассис кадрлар тайёрланмоқда. 

Сўнгги йилларда қурилиш, архитектура ва лойиҳалаштириш бўйича миллий қонунчилик муттасил тарзда такомиллашиб бормоқда. Тасдиқланган мақсадли дастурлар доирасида арзон намунавий уй-жойлар, кўп қаватли уйлар бунёд этилмоқда. "Обод маҳалла", "Обод қишлоқ" дастурларини ҳаётга изчил татбиқ этишда, анҳор ва каналларимиз мусаффолиги, соҳилларининг ободлигини таъминлашда қўли гул қурувчиларимизнинг ҳиссаси, айниқса, катта бўлмоқда. Қисқа фурсатда кўплаб ижтимоий соҳа объектлари, муҳташам спорт саройлари, йирик иншоотлар ва инфратузилма, саноат, ишлаб чиқариш объектлари, замонавий талабларга жавоб берувчи истироҳат боғлари фойдаланишга топширилмоқда. Тунеллар, кўприклар, замонавий транспорт боғламалари, шиддатли давр руҳини ўзида акс эттирувчи ишбилармонлик марказлари жонажон пойтахтимизнинг қиёфасини мутлақо ўзгартириб юбориши шубҳасиз. Шаҳарсозу меъморларимизнинг меҳнати билан юртимизнинг барча гўшаси таниб бўлмас қиёфага кирмоқда. 

Соҳани жадал ривожлантириш, қурилишда янги технологиялар ва энергия тежамкор материалларни қўллаш, қурилиш-пудрат ва лойиҳа ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улар учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини кучайтириш соҳа ривожининг янги даврини бошлаб берди. Қурилиш-шаҳарсозлик, меъморлик йўналишида шиддатли ислоҳотларнинг амалга оширилиши натижасида бугунги кунга келиб соҳа ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди. Улкан бунёдкорлик ишлари жараёнида миллий маънавиятимизга улкан ҳисса қўшган алломалар қўним топган зиёратгоҳларни таъмирлаш, уларни обод масканларга айлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. 

1 (1).JPG

Тадбирда соҳада кўп йиллар мобайнида фидокорона меҳнат қилган қурувчи, йўлсоз, муҳандис ва меъморлар давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланди. Йиғилишда сўзга чиққанлар соҳа равнақи, одамлар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, қурувчиларнинг меҳнатини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги эътибор учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдирди. 

– Қурувчи ёки меъмор касбининг натижаси неча-неча йиллар бўй кўрсатиб туради, – дейди "Фидокорона хизматлари учун" ордени соҳиби, Андижон туманидаги «Кўчма механизациялашган корхона» масъулияти чекланган жамияти директори Тоҳиржон Ҳомидов. – Барпо этилган бино ва иншоотлар халқ манфаатлари, ҳаётимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиётига хизмат қилаётганини кўришдан ҳам олийроқ бахт борми! Шунда барча машаққатлар ортда қолгани, меҳнатинг эл-юртнинг нафи йўлида эканини чин юракдан ҳис этасан. Биз, қурувчиларга кўрсатилаётган улкан эътибордан кўнглимиз осмон қадар ўсди. Бу эса янада кўпроқ ғайрат билан меҳнат қилишга чорлайди. 

Санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокидаги катта концерт байрамга файз, кўтаринки кайфият бағишлади. 

Назокат Усмонова,Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА
6 675