Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.02.2017 12:06 Чоп этиш версияси

Юртни асл ўғлонларга ишонамиз

Юртни асл ўғлонларга ишонамиз "Хўп, хўп бўлади... Ҳамма айтганларингизни қиламан!" Ўғил карнай-сурнай садолари ўз овозини босиб кетишини истамай, онасига яна бир бор қатъий ваъда бераётганини билдириш ниятида овозини бироз баландлатди. "Албатта, командирларимнинг сўзидан чиқмайман".

Муштипар она ўғлининг Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли ишга бел боғлаётганидан бахтиёрлигини яширмайди. Ёноқларини қувонч кўз ёшлари намлаб ўтади.

– Аканг офицер бўлиб, кам бўлмади, – у ўғлининг кўзларига тикилди: қорачиқларида ўзини кўрди. – Унга нимани раво кўрган бўлсак, сенга ҳам доим ўшани илинганмиз. Биз сенга ишонамиз...

Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросимида бу каби суҳбатларга кўп гувоҳ бўламиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган навбатдаги тадбирда ҳам ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, бўлажак аскарларнинг ота-оналари, ёшлар иштирок этди.

– Фарзандларимизни муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросими катта шодиёнага айланди, – дейди бекободлик Алишернинг отаси Ҳасанбой Ғаниев. – Бўлажак аскарларнинг Ватанга муҳаббат, элу юртга садоқат туйғулари жўш уриб турган юз-кўзларидаги ғайрат-шижоатни кўриб уларга ҳавасим келди. Нияти эзгу, қадами шахдам йигитлар сафида бизнинг ҳам ўғлимиз борлигидан ғурурландик.

Йигитлик бурчини ўташ учун йўл олаётган ўғлонларга эсдалик совғалари топширилди. Ватан, тинчлик, мардлик ва дўстликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Икром Аввалбоев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
3 019






Все о погоде - Pogoda.uz