Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

29.08.2017 16:26 Чоп этиш версияси

Юртимиз тинчлиги, чегараларимиз дахлсизлиги ишончли қўлларда

Самарқанд шаҳрида 28 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари ва бу борадаги долзарб вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев соҳада йиғилиб қолган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш, истиқболдаги режаларни изчил амалга ошириш юзасидан зарур кўрсатма ва тавсиялар берди. Ҳаммамизни эшитди. Ўз ечимини кутаётган масалаларимизни жойида ҳал қилиб берди.

Биласиз, давлатимиз раҳбари жорий йил 24 январь куни Қуролли Кучлар академиясида хизмат йиғилиши ўтказиб, бир қатор долзарб вазифаларни белгилаб берган эди. Тошкент ҳарбий округи қўшинларида жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, тарбиявий ишлар ушбу белгилаб берилган вазифалар талаблари асосида амалга оширилмоқда.

Жанговар тайёргарлик машғулотлари максимал даражада реал вазиятларга яқин ҳолда ўтказилмоқда. Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлимлари билан ҳамкорликда дала йиғинлари ташкил этилди.

Округ қўшинларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга катта эътибор қаратилаётир. Ўтган ўқув йилида офицерлар ва сержантлар таркиби билан командирлик тайёргарлиги тизимида назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди.

Ҳарбий хизматчиларнинг билимини юксалтириш, касб маҳоратини янада ошириш учун кўрик-танлов ва мусобақалар мунтазам ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирларга 2 минг 500 дан зиёд хизматчи қамраб олинган.

Хабарингиз бор, яқинда давлатлараро “Армия – 2017” ҳарбий ўйинлари ўтказилди. Унда округ ҳарбий қисмларида хизмат қилаётган ҳарбийлар ўзининг назарий билим ва амалий кўникмасини муносиб намойиш этиб, фахрли ўринни эгаллади.

Барча ҳарбий қисмлар машғулотлар юқори даражада ўтиши учун зарур қурол-яроғ, ҳарбий техника, ўқув-услубий қўлланмалар билан таъминланган. Шу кунларда дала-ўқув майдонлари инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда.

Маънавий-маърифий соҳада ўтказилаётган машғулотлар сифатини ошириш мақсадида бир гуруҳ офицерлар Республика маънавият ва маърифат маркази, Тошкент ислом университетида малака оширди.

"Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастури тадбирлари ижроси доирасида ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, чақириққача бўлган ёшлар билан учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Натижада уларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топилмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини иш билан таъминлаш, фарзандларини боғча ва мактабга жойлаштириш бўйича амалий ишлар қилинмоқда. Ватанимиз сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлаш, тинч ва осойишта ҳаётимизни асраш чоғида ҳалок бўлган мард ўғлонларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг оила аъзоларига меҳр-мурувват кўрсатиш ва ижтимоий муҳофаза қилиш доимий эътиборимизда.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини янда такомиллаштириш ва ислоҳ қилиш дастури тўғрисида”ги қарорини шахсий таркиб ва уларнинг оила аъзолари кўтаринки руҳда қарши олди. Боиси, Шавкат Мирзиёев ушбу ҳужжат орқали биз, ҳарбийларга бор муҳаббатини, айтиш жоиз бўлса, оталарча меҳрини намоён этди. Қарорга мувофиқ ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари ижтимоий ҳимоя қилинадиган бўлди. Яъни узоқ муддатли ипотека кредити асосида уй олиш, малакали тиббий хизматдан имтиёзли фойдаланиш имконига эга бўлди. Шунингдек, қарорда резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларни иш билан таъминлаш масаласи ҳам ўрин олган.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида Тошкент шаҳрида 18, Тошкент вилоятида 8 ва Сирдарё вилоятида 2 кўп қаватли уй қурилмоқда. Резервдаги 200 дан зиёд ҳарбий хизматчини тегишлилиги бўйича таълим муассасаларига ўқитувчи лавозимига тайинлаш учун танлов ўтказилди. Муддатли ҳарбий хизмат ва сафарбарлик чақируви резервида хизматни ўтаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ҳокимликлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Тошкент шаҳри, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди. Ҳудудий жамоатчилик кенгашлари раҳбарлари этиб маҳаллий ҳокимиятнинг тажрибали вакиллари тайинланди. Бу халқ билан армияни боғлаб турувчи мустаҳкам бўғин вазифасини бажармоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар бу борада олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтиради.

Натижада мамлакатимиз Қуролли Кучларининг жанговар салоҳияти ошади. Ҳарбий қисмларнинг замонавий қурол-яроғ билан таъминланиш даражаси юқори, моддий-техник базаси янада мустаҳкам бўлади. Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги она юрти учун зарур бўлса, жонини ҳам беришга тайёр ватанпарвар ўғлонларимиз қўлида!

Лутфулла Бузруков, 

Тошкент ҳарбий округи қўшинлари
қўмондони, полковник.

ЎзА
3 905






Все о погоде - Pogoda.uz