Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.01.2018 10:26 Чоп этиш версияси

Юрти учун жонини фидо қилганлар хотираси абадийдир

14 январь - Ватан ҳимоячилари куни

Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбийларнинг оилаларидан хабар олиш яхши анаъанага айланган. Байрам арафасида Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги вакиллари билан биргаликда ЎзА мухбирлари ҳам ана шундай оилаларга ташриф буюрди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисидаги нутқида “Ҳеч шубҳасиз, Ватан олдидаги бурчини адо этиш чоғида юртимиз озодлиги, халқимизнинг бугунги тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир ”, - деб таъкидлайди. Ҳалок бўлганлар хонадонларига уюштирилаётган бундай ташрифлар уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш йўлидаги хайрли амаллардандир.

...2016 йилнинг кузида подполковник Сабит Романов бошқарувидаги ҳарбий вертолёт қулаб тушди. Ҳарбийлар азалдан хизмат бурчини адо этиш йўлида азиз жонини ҳам қурбон қилишга тайёр бўлган ва бу ҳарбий учувчиларга ҳам таалуқли. Офицернинг беваси Сайёра, унинг ота-онаси Азат ака ва Насиба опалар, етим қолган ўғли Арманбекнинг дарду алами, изтироблари чексиз. Ватан ҳимоячилари куни арафасида, ҳалок бўлган оила раҳбари сафдошларининг ушбу хонадонга ташриф буюриши уларнинг кўнглига оз бўлсада таскин бериб, Ватан ўз қаҳрамонларини унутмаслигини яна бир карра тасдиқлайди.

Мудофаа вазири ўринбосари - Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал-майор Аҳмад Бурҳонов подполковник Сабит Романовнинг яқинлари билан бўлган учрашувда ана шу ҳақда сўз юритди. Шунингдек, қаҳрамоннинг жангчи дўстлари хизматдоши ва биродарининг эзгу хотирасини ҳамиша қалбида сақлашини таъкидлади.

- Давлатимиз раҳбарининг сўзлари ўз ўғилларини йўқотганлар учун улкан мадад бўлди, - дейди Азат Романов. – Набирам Арманбек ҳам отаси сингари офицер бўлишни орзу қилади. Биз унинг отаси изидан боришдек эзгу интилишини қўллаб-қувватлаймиз.

Мазкур сатрлар муаллифининг шахсий хотиралари ўз хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган подполковник Сергей Харламов билан ҳам боғлиқ. Ҳарбий мухбир сифатида давлат мукофотлари совриндори хизмат қиладиган ҳарбий қисмга тез-тез бориб турардим. Сергей учувчилар оиласидан , унинг отаси, истеъфодаги полковник Александр Харламов Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий-ҳаво кучларининг фахрийлар ишлари кенгаши раиси.

Сергейнинг бевасига ундан Ира исмли қизчаси ёдгорлик бўлиб қолди. Унинг порлоқ хотираси ҳам сафдошлари қалбида мангу яшайди...

Сўнгги парвоз чоғида подполковник Сергей Харламов билан бирга унинг штурмани, капитан Жаҳонгир Тоғаев ҳам ҳалок бўлди. Унинг оиласидан кўнгил сўраш мақсадида Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги ўринбосари Рустам Насриддинов, пойтахтимизнинг мудофаа ишлари Яшнаобод туман бўлими вакили подполковник Фаррух Маннонов ушбу хонадонга ташриф буюрди. Офицернинг беваси Нафосат опа Жасурбек, Аслиддин ва Масрур исмли уч ўғлонни тарбиялаб, вояга етказмоқда. Жасурбек 10-синфда ўқийди, у Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртига ўқишга кириб, отаси каби ҳарбий учувчи бўлишни орзу қилади.

- Нафақат байрамларда, балки бизни мунтазам йўқлаб турадиган турмуш ўртоғимнинг қўмондон ва сафдошларидан миннатдормиз, - дейди Нафосат. Фарзандларим ўзларини нафақат менинг, балки бутун халқимизнинг фарзандларидек ҳис этиб яшайди. Давлатимиз раҳбари билдирган фикрлар бизга куч бағишлаб, эртанги кун, фарзандлар келажагига ишонч билан яшашга ундайди. Мудофаа ишлари бўйича бўлим вакиллари кундалик муаммоларимизни ҳал этишга кўмаклашади. Биз ёлғиз эмаслигимизни, уларнинг ёрдамида халқимиз билан ёнма-ён эканлигимизни ҳис этиб яшаяпмиз.

... Бу каби учрашувлар бизни Ўзбекистоннинг мустақиллиги ва озодлиги қанчалар бебаҳо неъмат эканлигини чуқур англаб етишга ундайди. Зеро, биз Ватан олдидаги ўз хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлганларнинг муқаддас хотирасини ёд этиш орқалигина, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашимиз мумкин.

Аблай Камолов, ЎзА
6 138