Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2017 19:06 Чоп этиш версияси

Маҳалла билимдонлари танловида "Юрт келажаги" жамоаси ғолиб бўлди

Маҳалла билимдонлари танловида "Юрт келажаги" жамоаси ғолиб бўлди Нукусда “Маҳалла – менинг тақдиримда” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан “Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!” шиори остида ташкил этилган танловда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 15 жамоа иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари З.Зоитов, Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузуридаги “Маҳалла зиёси” ўқув маркази раҳбари Б.Юнусов ва бошқалар мамлакатимизда маҳалла институти фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг жамият ҳаётидаги иштироки, вазифа ва ваколатлари доирасини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Ёшлар ўртасида юксак маънавият, миллий қадриятларимиз, бой маданий меросимизга ҳурмат, миллий истиқлолнинг буюк тарихий аҳамиятини англаш каби фазилатларни юксалтириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган танловнинг шаҳар ва туман босқичларида 94 жамоа таркибида 376 йигит-қиз иштирок этди.

Иштирокчилар ўз маҳалласи тарихи, ёшларнинг жисмонан соғлом, маънан етук улғайишида маҳалланинг ўрни, “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги механизмини кучайтириш, соҳага тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, маънавиятга оид саволларга жавоб бериб, “Маҳала – менинг тақдиримда” мавзусида иншо ёзди.

Нукус туманидаги “Қиронтов” овулининг “Юрт келажаги” жамоаси биринчи ўринни эгаллади ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ўринга Нукус шаҳридаги “Ойдин йўл” маҳалласининг “Ойдин йўл” жамоаси, учинчи ўринга Элликқалъа туманидаги “Пахтачи” маҳалласининг “Бўстон” жамоаси сазовор бўлди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
3 042






Все о погоде - Pogoda.uz