Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.02.2017 13:38 Чоп этиш версияси

Юридик хизмат фаолияти такомиллашмоқда

Хоразмда давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизмат фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантиришнинг долзарб масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Вилоят адлия бошқармаси томонидан ташкил этилган семинарда судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар масъул ходимлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, туман ва шаҳар ҳокимликлари мутасаддилари ва журналистлар иштирок этди.

Мамлакатимизда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида қонунийликни янада мустаҳкамлаш, демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишда юридик хизматлар ролини ва жавобгарлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда жорий йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур қарор билан “Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисида”ги ҳамда “Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларининг мартаба даражалари тўғрисида”ги низомлар тасдиқланди.

Юридик хизмат ходимлари ўзи фаолият юритаётган тизимда ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб боради. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишга таъсир этадиган давлат органлари ва ташкилотларининг қарорлари юзасидан хулосалар беради.

– Қарорда юридик хизмат ходимларини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилган, – дейди Хоразм вилояти молия бошқармаси бош ҳуқуқшуноси Равшан Давлетов. – Эндиликда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларига адлия органлари ходимларига белгиланган мартаба даражалари берилади. Мартаба даражаларига эга бўлган юридик хизмат ходимларининг лавозим маошларига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорларда қўшимча ҳақ тўланади.

Семинарда Президентимиз қарорининг мазмун-моҳияти, норма ижодкорлиги тизимининг такомиллаштирилиши муносабати билан бу жараёнда юридик хизмат иштирокини кенгайтириш, судларда хўжалик низоларини кўришда уларнинг ролини кучайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маърузалар тингланди.

Семинар иштирокчилари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазлар юзасидан қарор ижросини самарали таъминлашга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
966






Все о погоде - Pogoda.uz