Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.05.2017 19:40 Чоп этиш версияси

Юридик кадрлар тайёрлаш тизими такомиллашмоқда

Тошкент давлат юридик университетида «Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш – давр талаби» мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари А.Тошқулов, адлия вазири ўринбосари – университет ректори Е.Каньязов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, миллий олий юридик таълимни модернизациялаш, соҳага халқаро таълим стандартлари ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, долзарб ҳуқуқий муаммолар бўйича комплекс илмий тадқиқотлар ўтказиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ҳамда юқори малакали юридик кадрларни тайёрлашда юридик таълим тизимини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Олий таълим муассасаларида юридик фанларни ўқитиш тизими тубдан такомиллаштирилиб, назариянинг амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш мақсадида суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тажрибали ходимлари талабалар билан машғулотлар ўтказишга жалб қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида ҳам мазкур ислоҳотларни янада изчил давом эттиришга доир аниқ ва устувор вазифалар белгиланган. Президентимизнинг 2017 йил 28 апрелдаги «Тошкент давлат юридик университетида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Мазкур қарорда ўқув-тарбиявий жараён сифатини ошириш, талабалар билимини баҳолашнинг самарали тизимини жорий этиш, янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва улардан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш каби вазифалар асосий йўналиш этиб белгиланган.

– Юридик кадрларга бўлган талаб тобора ортмоқда, – дейди университет проректори Мансурхон Камолов. – Бу борада замонавий халқаро стандартларга жавоб берадиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш асосий вазифа ҳисобланади. Ушбу қарордан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчиларнинг ҳуқуқий онги ва касб малакасини ошириш, ўқув режалари ва дастурларини янада оптималлаштириш, ўқув жараёнида қонун ижодкорлиги назарияси ва амалиётини уйғунлаштириш каби вазифаларни белгилаб олдик.

Бугун кадрлар тайёрлашни замонавий методларсиз, технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айнан шу йўл билан талабаларда янги билимларни мустақил эгаллаш ва уларни амалиётга жорий этиш, таҳлилий фикрлаш кўникмасини шакллантириш мумкин. Шу мақсадда университетда замонавий ўқув ва моддий-техник база яратилган. Ўқув, илмий-услубий бўлинмалар, кафедралар ўқитишнинг замонавий техник воситалари, ахборот-коммуникация тизимлари ва дастурий маҳсулотлар билан таъминланган.

Давра суҳбатида бакалавр ва магистратура босқичлари талабаларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тадбиркорлик субъектлари, молия-банк муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларда амалиёт ўташи сифатини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Нурилло Насриев, ЎзА
4 983






Все о погоде - Pogoda.uz