Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.02.2017 18:33 Чоп этиш версияси

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ЮНЕСКОнинг махсус сертификати топширилди

Пойтахтимиздаги Халқаро ҳамкорлик марказида “Ғарбий Тянь-Шань” (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон)нинг Трансмиллий сериялар номинацияси бўйича ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхатига киритилганлиги, Наврўз байрами ҳамда палов миллий таомининг номоддий маданий мерос сифатида ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатидан такрор жой олгани муносабати билан сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси томонидан ташкил этилди. Унда вазирликлар, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Угом-Чотқол Давлат миллий табиат боғи маъмурияти, мамлакатимиздаги дипломатик корпус вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Абдусаматов, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси масъул котиби А.Икромов ва бошқалар мамлакатимизнинг бой моддий ва номоддий мероси, унинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 17 июлида Истанбул шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон маданий мерос бўйича ЮНЕСКО қўмитасининг 40-сессияси ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларини қамраб олган Тянь-Шань тоғ тизмасининг Марказий Осиё қисми “Ғарбий Тянь-Шань”нинг трансчегаравий объекти сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхатига киритилган. Ўзбекистон ҳудудини Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғига кирувчи Бошқизилсой ва Майдонтол қўриқхоналарини ташкил этади. Чотқол тоғлари Ўзбекистонда бутунжаҳон мероси мақомини олган илк табиий объект ҳисобланади.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон туманларида жойлашган Угом-Чотқол миллий табиат боғи Ўзбекистоннинг бетакрор, сўлим гўшаларидан биридир. Денгиз сатҳидан 800-4000 метр баландликда жойлашган боғ 574,6 гектар майдондан иборат.

Миллий боғ ҳудудида 1800 дан зиёд ўсимлик тури ўсади. Шундан 74 таси “Қизил китоб”га киритилган. Саккиз турдаги тоғ лоласи, Марказий Осиё ноки, Пском пиёзи, Аболин астрагали, Эремурс ва бошқалар шулар жумласидандир. Миллий боғда 230 дан ортиқ ҳайвон ва қуш тури мавжуд бўлиб, уларнинг 38 таси халқаро ва Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган.

– 2003 йили Номоддий маданий меросни муҳофаза қилишга доир конвенция қабул қилинган, – деди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Криста Пиккат. – Нодир ёдгорликлар рўйхатига Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз шаҳарлари, инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси рўйхатига Наврўз байрами, Катта ашула, Шашмақом, аския каби миллий анъаналар киритилгани Ўзбекистон халқи қатори мени ҳам хурсанд қилади.

Мамлакатимиз яқин келажакда Сармишсойдаги тош битиклар, Шоҳимардон, Зомин, Ҳисор тоғлари ва Бойсун қўриқхонасини Бутунжаҳон маданий ва табиий мерос рўйхатига киритишни ҳам режалаштирган.

Тадбир давомида “Ғарбий Тянь-Шань”, “Наврўз”, “Палов анъанаси” каби ҳужжатли фильмлар намойиш этилди.

Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига ЮНЕСКОнинг махсус сертификати топширилди.

Севара Алижонова, ЎзА
4 603






Все о погоде - Pogoda.uz