Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.02.2018 20:45 Чоп этиш версияси

Юлдузлар мангу порлайди

Юлдузлар мангу порлайди Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш йўлида хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган мард ўғлонларнинг порлоқ хотирасини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

Фарғона шаҳридаги 25-умумтаълим мактабига кираверишида қад ростлаган Дилшод Асанов меъморий ёдгорлиги пойи анвойи гулларга бурканди. Ватан тинчлиги йўлида жасорат кўрсатган мард ўғлоннинг мағрур қиёфаси тимсолида у ҳамиша барҳаёт экани, йиллар ўтгани сари янада ўктам бўлиб, улғайиб бораётганини кўриш мумкин. Онаси қаҳрамоннинг юз-кўзларини силаб, “Менинг ўғлим ўлмаган, унинг мардонавор руҳи ҳозир биз билан бир даврада кезиб юрганига ишонаман”, дейди ғурур билан даврага боқар экан.

Мазкур мемориал ёдгорликнинг очилиш маросимида Ватан ҳимояси учун жонини фидо қилган мард ўғлон хотираси ёдга олинди. Унда вилоят ҳокимлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси вакиллари, меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари, ўқувчи-ёшлар ҳамда Дилшод Асановнинг оила аъзолари, қуролдош дўстлари ва синфдошлари жам бўлди.

Тадбирда халқимиз юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида жон фидо қилган бу каби мард ўғлонларини ҳеч қачон унутмаслиги таъкидланди.

6.JPG

– Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш кўплаб йигитларнинг орзуси бўлиб келган, – дейди капитан Суннатилло Набиев. – Дилшоджон Асанов эса бу эзгу орзусига ўзининг билими, интилиши билан эришган эди. У хизмат давомида ҳарбий кўникмаларини оширди, ўзининг нималарга қодирлигини кўрсата олди. Дилшоджон чин маънода она юртига содиқ ўғлон эди. Жанг майдонларида эл тинчлиги учун курашди, душманларнинг ҳамласига муносиб тўсқинлик қила олди.

Билим даргоҳида ташкил этилган бошланғич ҳарбий тайёргарлик синфлари ўқувчиларининг ҳарбий ва жисмоний машғулотлар жараёнидаги маҳорати, она Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, шеърлар йиғилганлар томонидан гулдурос қарсаклар билан олқишланди. Йиғилганлар таълим масканида мактабнинг собиқ ўқувчиси, 2000 йили Сурхондарё вилоятида юртимиз сарҳадларига бостириб кирган ёвларга қарши курашда 25 ёшида ҳалок бўлган Дилшод Асановга бағишлаб ташкил этилган хотира бурчаги билан танишди.

3.JPG

– Дилшод билан синфдош эдик, – дейди 25-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Нафиса Собирова. – У болалигидан кучли, иродали бўлиб улғайди. Шу боис ўқувчиларимга болалик дўстим ҳақида ажойиб хотираларимдан айтиб бераман. Синфдошлар ҳам ҳар кўришганда Дилшодни эсга оламиз.

У қисқа умри давомида ўз қаҳрамонлиги туфайли юлдуздек шуъла сочиб, тинч ҳаётимиз ва буюк келажагимиз йўлини чароғон этди. Шу маънода, юлдузлар мангу порлайди!

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
10 102