Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.12.2017 14:15 Чоп этиш версияси

Юксак мукофотлар ватан ҳимоячиларини руҳлантирмоқда

Юксак мукофотлар ватан ҳимоячиларини руҳлантирмоқда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири А.Азизов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси А.Раҳмонов ва бошқалар Конституциямиз асосида Қуролли Кучларнинг жанговар қобилиятини ошириш, миллий армиямиз ташкилий тузилмасини тубдан ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, қўшин тури, ҳарбий округ, қисм ва бўлинмалар ўртасида ўзаро уйғун ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 26 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, юртимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган бир гуруҳ Ватан ҳимоячилари юксак давлат мукофотлари билан тақдирланган эди. Тадбирда ана шу мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

2.JPG

– Ҳар бир ҳарбий хизматчи ўз халқи олдидаги олий бурчи ва масъулиятини ҳис этиб яшайди, – дейди II даражали “Шон-шараф” ордени соҳиби, Тошкент ҳарбий округидаги ҳарбий қисм командири, подполковник Холиёр Қорабоев. – Жамоамиз бирдамлиги, ҳарбий соҳада яратилган зарур шароитлар ва юксак профессионализм туфайли Ватанимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашда улкан муваффақиятларни қўлга киритиб келмоқдамиз.

– Тил билиш турли халқлар маданияти ва санъати эшигини очувчи калитдир, – дейди “Шуҳрат” медали соҳиби, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” маркази кафедра мудири Илья Зверев. – Ҳарбийларни хорижий тилларга ўқитишдек камтарона меҳнатимиз юксак баҳоланганидан миннатдормиз. Ушбу мукофот бизни педагогик фаолиятда янада юксак чўққиларни забт этишга ундайди.

Тантанали тадбир Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли ҳамда юртимизнинг таниқли санъат усталари иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.

Аблай Камолов, ЎзА
1 248






Все о погоде - Pogoda.uz