Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.08.2017 16:14 Чоп этиш версияси

Юксак эътибордан мунаввар диллар

Юксак эътибордан мунаввар диллар
Сурхондарё вилоятида уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга Ўзбекистон Президентининг совғаси – янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойлар тантанали равишда топширилди. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш, кам таъминланган оилалар ва ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. 2017 йил мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ташкил этилгани бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Жойлардаги Халқ қабулхоналарида, сайёр қабулларда фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, аҳолини қийнаётган муаммоларга ечим топилаётгани одамларда ҳаётдан розилик, эртанги кунга ишонч туйғуларини янада мустаҳкамламоқда.

Фуқароларнинг мурожаатлари ва Халқ қабулхоналари томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар таҳлили аёллар, меҳнатга лаёқати чекланган инсонлар учун ижтимоий ёрдамни янада кучайтиришни тақозо этмоқда. Шунга мувофиқ, Президентимиз ташаббуси билан уй-жойга эҳтиёжманд фуқаролар, айниқса, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган янги тизим йўлга қўйилди.

Вилоятда уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган 32 фуқарога имтиёзли кредит асосида уй-жойли бўлиш учун бошланғич бадал тўлови Президентимиз номидан берилгани уларга қулай турмуш шароити яратиш, ҳаётдан рози бўлиб яшаши юзасидан кўрсатилаётган улкан ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Олмахон Абдулалиева I гуруҳ ногирони. Шеробод туманидаги "Узунсой" маҳалла фуқаролар йиғинида яшайди. Эски касалхона биносининг икки хонасида 4 жон вақтинча яшаб келган. Бугун унга Президентимиз номидан Тароқли массивидаги 2 сотихдан иборат уч хонали уйнинг калити топширилди.

– Барча қулайликларга эга бундай уйли бўлишни хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз, – дейди Олмахон. – Ногирон бўлганим боис, ўзим хоҳлагандек эл-юртга наф келтиролмаётганимдан хижолат бўлардим. Энди мана бундай уй. Хижолатим янада ортди. Фарзандларим шу муқаддас Ватан равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қиладиган муносиб инсонлар бўлиб улғаяди. Менинг армонларимни юзага чиқаради. Ўксик кўнглимни тоғдан ҳам юксакларга кўтарган давлатимиздан миннатдорман.

Ангор туманидаги Янги турмуш маҳалласида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган замонавий массивга бир йўла уч нафар жисмоний имконияти чекланган фуқаро кўчиб ўтди.

– Ёшим 36 да. Оила қурганимга 10 йил бўлди. Уч фарзандим бор, – дейди Наврўз маҳалласида яшовчи II гуруҳ ногирони Юсуф Маматов. – Бир уйда 20 жон яшаб келаётган эдик. Дунёнинг айрим мамлакатларида уй-жойсиз кўча-кўйда умрини ўтказаётган инсонлар ҳақида телевизорда кўриб, шунисига ҳам шукр қилардик. Лекин, кўнгилнинг бир четида биз ҳам замонавий, кенг уйларда яшармиканмиз, деган армон ҳам бўларди. Яратганга шукр, давлатимиз ғамхўрлиги билан бугун орзумизга эришиб турибмиз. 2 сотихдан иборат 3 хонали уйда барча қулайликлар яратилган. Аёлим ва болаларимнинг қувончини кўриб, шундай юртда яшаётганимдан қалбим фахрга тўлди. Мендай ногиронга ҳам фахр туйғусини берган давлатимизга, барча яхши одамларга раҳматлар айтаман.



13 (3).jpg

Узун туманидаги Эркинлик маҳалласида яшовчи Моҳира Ашуралиева II гуруҳ ногирони. Турмуш ўртоғи ва икки фарзанди билан қайнотасига тегишли уйнинг бир хонасида яшайди. Уч оила умргузаронлик қилаётган уйда 12 жон истиқомат қилади. Мамлакатимизда меҳнатга лаёқати чекланган инсонларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамдан баҳраманд бўлган Моҳира Ашуралиева Янги куч маҳалласида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган арзон уй-жойлардан бирига кўчиб ўтди.

– Болаликдан ногиронман, – дейди Моҳира. – Ёшлигимда тўрт мучаси соғ инсонни бахтли одам, деб ўйлардим. Фарзандли бўлганимдан сўнг, яна бир ҳақиқатни англаб етдим, рўзғорли инсон нафақат соғ, балки кичкина бўлса ҳам ўз уйига эга бўлсагина бахт татир экан. Кўп қаватли уйнинг бир хонасида сиқилиб яшаш, айниқса, аёл учун жуда қийин. Мана бугун фарзандларим билан эмин-эркин, ўз уйимда яшаш бахтига муяссар бўлиб турибман. Оиламизга бошланғич бадали Президентимиз номидан тўланган 2 сотихдан иборат уч хонали уй совға қилинди. Ҳар бир хонада янги мебель ва рўзғор учун зарур бошқа жиҳозлар бор. Шаҳардагидан қолишмайдиган шароит яратилган. Бизнинг бошимизни силаб, ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатаётган давлатимиздан миннатдормиз.

Зокир Тиллаев Жарқўрғон туманидаги Янгиобод маҳалласида истиқомат қилади. II гуруҳ ногирони. Отаси Раҳмон Тиллаевга тегишли икки хонали квартирада турмуш ўртоғи, икки қизи, ўғли, келини ва невараси билан яшайди. Бундай ҳолдан эзилар, лекин дарди ичида эди. Мана энди давлатимиз эътибори билан янги бунёд этилган икки қаватли замонавий уйдан уч хонали ўз уйига эга бўлди. Бу совғадан, айниқса, 80 ёшни қарши олган отаси Раҳмон ота жуда хурсанд. 

– Шу кунгача ўғлимга янги уй берилишига ишонқирамай турган эдим, – дейди Раҳмон бобо. – Кўзларимга ишонмаяпман. Кампир билан икки қаватли пастқам уйнинг икки хонали квартирасида уч ўғил, уч қизни тарбиялаб, улғайтирдик. Меҳмон келиб қолгудек бўлса, каталакдек уйнинг қаерига ўтказишни билмай, хижолат бўлардик. Куч-қувватим бор йилларда раҳбарлардан уй қуриш учун ер сўрайвериб, роса овора бўлганман. Ҳеч ким дардимга қулоқ солмаган. Ўшанда томорқа ё уй сўрашдан кўнглим безиб қолган эканми, мустақиллик йиллари ҳам дардимни ҳеч кимга айтмадим. Ҳозир бир қизимиз Тошкентда яшайди. Иккинчи қизим бир этак бола билан турмушидан ажраб келган. Ўғлим Зокиржон фарзандлари, келини ва невараси, кенжа ўғлимиз Акмал, жами 14 жон шу хонадонда яшаётган эдик. Уй йўқлигидан Акмални ҳам уйлантиролмай тургандик. Бугун қувончим ичимга сиғмаяпти, суюнганимдан тилим айланмаяпти. Уй-жойга муҳтож инсонларга, ногиронларга ғамхўрлик кўрсатаётган Президентимизнинг умрлари узоқ бўлсин. Тинчлигимизга кўз тегмасин. 

Қавм-қариндошлар, ёр-биродарлар, маҳалладошлар ҳам бу оилани янги уй билан қутлашга келди. 

– Зокирбойга янги уй берилаётганини эшитиб, қуллуқ бўлсинга келавердик, – дейди "Янгиобод" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Ҳожиматов. – "Раис бобо, менинг ҳам кўзларим яхши кўрганида ҳалол меҳнат қилиб, ўзимга муносиб уй сотиб олардим", дер эди доим. Бундан мен ҳам эзилардим. Энди Зокирбойнинг шароити ҳеч кимдан кам эмас. Уйга қаранг, газ плитаси, ошхона мебели, телевизор, иситиш мосламалари, бир оила тўкис яшаши учун нима керак бўлса, бари бор. Бу оиланинг янги уйни саранжом-саришта сақлаб, барчага ибрат бўлишига ишонаман.

Мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида замонавий уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани халқимизга муносиб байрам совғаси бўлмоқда. Муҳими, пишиқ, мустаҳкам қурилиш материалларидан барпо этилаётган хонадонлар яшаш учун тайёр ҳолда фойдаланишга топширилмоқда.

Жарқўрғон тумани Алишер Навоий номидаги маҳаллада яшовчи Гулбаҳор Алланазарова ҳам икки қаватли уйнинг биринчи қаватидаги икки хонали хонадон калитини қабул қилиб олди. II гуруҳ ногирони, уч йилдан буён икки фарзанди билан акасининг уйида яшаб келаётган эди.

– Мамлакатимизда инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ эканига Гулбаҳорга кўрсатилган эътибор мисолида яна бир карра ишонч ҳосил қилдик, – дейди унинг ён қўшниси Қирмиз Эгамбердиева. – Бу хонадонда уч оила яшайди. Имконияти чекланган бўлса-да, фарзандларини ҳеч кимдан кам қилмай улғайтиришга интилмоқда. Қўли гул тикувчи. Лекин ўзига уй қуриб олишга имконияти етмай турган эди. Давлатимиз, ҳукуматимиз эътибор қаратмаса, бу каби замонавий уй-жойлар қаёқда эди, дейсиз. Барчаси учун раҳмат.

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Термиз шаҳридан уч, Термиз туманидан тўрт турар жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган оила 2 сотихдан иборат 2 ва 3 хонали янгиланган намунавий лойиҳалар асосидаги уйларда ҳовли тўйларини ўтказди. Термиз туманидаги Янги ҳаёт маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногирони Лазиз Қаҳҳоров оиласи улардан бири.

– Кўп қаватли уйдаги қайнонамнинг 3 хонали хонадонида 2 бола билан яшаб келдик, – дейди Л.Қаҳҳоровнинг турмуш ўртоғи Сабоҳат Мустанова. – Биз билан бирга яна уч оиланинг ўн аъзоси бир амаллаб кун ўтказардик. Жисмоний имконияти чекланган одамнинг уй қуриб олиши осон эмас экан. Шуларни ўйлаб эзилардим. Давлатимиз томонидан бизга 3 хонали уй берилишини эшитиб, тилло топган одамдек суюндим. Барчаси учун Президентимиздан миннатдормиз. Ҳозир ҳаяжонимни босолмаяпман. 

Вилоятнинг Қумқўрғон, Шўрчи, Сариосиё, Олтинсой, Денов, Бойсун туманларида ўтказилган уй топшириш маросимларида ҳам халқимизга хос саховат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик каби юксак фазилатлар янада кенг намоён бўлди. Уларнинг уй тўйларида иштирок этган ёшу кекса қалбида юртимизда юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси мустаҳкамланиб, барчани янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Тадбирлар доирасида бир гуруҳ кам таъминланган оилаларга замонавий тикув машиналари, 300 дан ортиқ фуқарога ногиронлик аравачаси бепул топширилди.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА
3 431






Все о погоде - Pogoda.uz