Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.02.2017 13:36 Чоп этиш версияси

Юксак эътибордан миннатдормиз

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 2 февралдаги “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори пенсионерлар, талабалар ва аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатлами ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим амалий қадам бўлди.

Фарғона вилоятида 362 мингдан зиёд пенсия ва ижтимоий нафақа олувчилар, Сўх, Ёзёвон, Бешариқ туманларида бюджет ташкилотлари ходимлари ҳамда қарийб 24 минг ижтимоий тўловлар оладиган фуқаро истиқомат қилади. Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қарори билан улар пенсия, ижтимоий нафақа ва иш ҳақини ҳеч қандай чекловларсиз нақд шаклда олиш имкониятига эга бўлди.

Сўх туманида истиқомат қилаётган 75 мингдан зиёд аҳоли иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг нақд пул шаклида берилишидан мамнун.

– Президентимиз қарорини туманимиз аҳолиси катта хурсандчилик билан қарши олди, – дейди Сўх тумани ҳокими Таваккал Раҳимов. – Ана шу амалий кўмак орқали қанчадан-қанча оилаларга барака киради, хонадонлар файзига файз қўшилади, одамларнинг эртанги кунга ишончи янада ортади. Тумандаги 86 давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган муассаса, корхона ва ташкилотда 3 мингдан ортиқ ходим ишлайди. Уларнинг ҳам иш ҳақи энди нақд шаклда берилади.

Бугун ким билан суҳбатлашманг, мазкур қарор халқимиз кўнглидаги иш бўлгани ҳақида гапирмоқда.

– Нақд пул муаммоси кейинги пайтларда пенсионерларимизни бир мунча қийнаб келаётган эди, – дейди Сўх туманида яшовчи Шерали ота Орзиев. – Ушбу қарор билан Президентимиз биз, нуронийларга бўлган юксак ҳурмат-эътиборини яна бир бор амалда намоён этди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилаётган бундай эзгу амаллар халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашида муҳим аҳамият касб этади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
1 753






Все о погоде - Pogoda.uz