ЎзА Ўзбек

19.04.2018 15:08 Чоп этиш версияси

Юқори синф ўқувчилари касб ҳам эгаллаши мумкин

Малика Бахтиёрова Сергели туманидаги 285-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси. У келажакда яхши мутахассис бўлиш, она юрти, Ватани равнақига ўз ҳиссасини қўшиш учун аъло баҳоларга ўқимоқда. Шу билан бирга у ошпазлик касби сир-синоатларини ҳам чуқур ўрганишга киришган.

Қандай қилиб дейсизми?

Тумандаги ўқувчи-ёшларни касбга йўналтириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида Малика каби ўқувчилар мактабда ўқиши билан бирга, ўзи қизиққан касбни эгаллаши учун ҳам имконият яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида пойтахтимиздаги тўртта касб-ҳунар коллежи базасида, туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги 24 умумтаълим мактабининг 1 минг 242 нафар 10-синф ўқувчиси учун касб ўрганиш мажмуалари ташкил этилган.

Ўғил-қизлар Тошкент туризм ва бизнес, Қўйлиқ маиший хизмат кўрсатиш, Сергели саноат, Сергели енгил саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежлари негизида ташкил этилган ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларида еттита мутахассислик бўйича касб ўрганмоқда. Бунда уларга касб-ҳунар коллежининг педагоглари яқиндан ёрдам бермоқда.

Жорий ўқув йили якунида уларнинг касбий тайёргарлик йўналишидаги ошпазлик, сартарошлик, автомобиль воситаларини таъмирлаш, радиотехника воситаларини таъмирлаш, меҳмонхона хўжалиги ходими, туристик хизматлар ташкилотчиси каби касблар бўйича ўқиши якунланади. Фақатгина ҳисобчилик мутахассислиги бўйича дарслар икки йил давом этади. Сўнгра ушбу коллеж билан ҳамкорлик қилаётган ташкилотларда ўқувчилар ишлаб чиқариш амалиётини ўтайди. Бу уларнинг келгусида шу йўналишда иш фаолиятини олиб бориш-бормаслигини белгиловчи омиллардан бири бўлади.

Ушбу касб курслари ёшлар учун айни муддао бўлди. Эндиликда улар қисқа муддатда ўзларини қизиқтирган касб бўйича қўшимча сабоқ олиши мумкин.

– Баъзи касблар учун қисқа муддат етарли, – дейди Сергели туман халқ таълими бўлими ўқув ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш ва методик таъминлаш шуъбаси мудири Журъат Норқулов. – Айнан шундай йўналишлар ёшларга таклиф этилмоқда. Улар мактабда таълим-тарбия олиши баробарида ўзи қизиққан касбни ҳам эгаллайди. Шу касби орқали оиласи фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшиши ёки ўз бизнесини йўлга қўйиши, келажакда шу касб бўйича ўқишни давом эттириши мумкин. Бу имкониятдан ёшлар унумли фойдаланмоқда.

Айни вақтда 51 касбни ўрганиш бўйича ўғил-қизларга таклифлар берилаётган бўлса, Сергели туманидаги ўқувчилар шундан 13 турига қизиқиш билдирмоқда. Келгуси ўқув йилидан бошлаб ўқувчиларга ушбу йўналишлар бўйича касб сирлари ўргатилади.

Тумандаги 10-синф ўқувчилари иштирокида ўтказилган “Маҳорат дарси” тадбирларида ўғил-қизлар ўзлари танлаган касблари бўйича ўқув йили давомида ўрганган билим ва кўникмаларини амалиётда намойиш қилиб боради. Бу уларнинг ўрганаётган касбини қай даражада эгаллаётганини билдириб туради.

Юртимизда ёш авлод камоли, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, юқори интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб вояга етказиш, пухта билим бериш, миллий анъаналарга ҳурмат руҳида тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу каби саъй-ҳаракатлар замонавий фикрлайдиган, қатъий фуқаролик позициясига эга авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

Барно Мелиқулова, ЎзА
4 670