ЎзА Ўзбек

01.03.2018 21:18 Чоп этиш версияси

ЙТҲ оқибати — аянчли рақамларда намоён

2017 йилда 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда 2500 га яқин фуқаро вафот этган.

DTP.jpg

Халқаро пресс-клуб сессиясида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 февралдаги “Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар муҳокама этилди.

Маълум қилинганидек, мамлакатимизда 2017 йилда 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Оқибатда 2500 га яқин фуқаро вафот этган. Бундай ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 2017 йил март ойидан Тошкент шаҳрида компьютерлаштирилган йўл ҳаракати хавфсизлигини бошқариш тизими ишга туширилди, бу тизим вилоятларда ҳам кенг жорий этилмоқда. Натижада йўл ҳаракати қоидаларини бузиш сезиларли камаймоқда. Бироқ бу каби амалий саъй-ҳаракатлар йўлларда нохуш ҳолатларнинг олдини олишда етарли бўлмаяпти.

Шу боис Вазирлар Маҳкамаси қарорида автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш жараёнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишда жавобгарлигини ошириш, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда хўжалик юритувчи субъектларнинг иштирок этиши учун тенг шароитлар яратиш кўзда тутилган.

Жорий йил 1 июндан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш давлат таълим муассасалари, нодавлат таълим муассасалари фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган бошқа юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Бу жараёнда уларга бир қатор меъёрий талаб ва шартлар қўйилди. Жумладан, ҳайдовчилар малакасини оширишни мақсад қилган давлат ёки нодавлат таълим муассасалари, аввало, ўқув жараёнида дарслар ўзлаштирилишини оширишга йўналтирилган ўқитиш мониторингини олиб бориши, режалаштиришнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини жорий этиши, анимация эффектлари ва видеоконтентга эга электрон ўқув-услубий қўлланмаларнинг мавжудлигига алоҳида эътибор қаратиши шарт.

Пресс-клубдаги тадбирда йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун жавобгарлик борасида кутилаётган янгиликлар ҳам айтилди. Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидасини бузганлик тўғрисидаги протокол электрон шаклда тузилиши режалаштирилмоқда. Бу тартиб янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси жорий этилгандан сўнг амалга оширила бошлайди. Қоидабузилишлар бўйича барча маълумотлар махсус электрон базага жойлаштирилади. Айни пайтда мазкур тизимни ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш жараёни кетаяпти.



Ушбу мақола ЎзА обуначиларига тақдим этилган янгиликнинг бир қисми бўлиб веб сайтда қисқартирилган шаклда чоп этилди. 

Улуғбек Асроров, ЎзА
11 260