ЎзА Ўзбек

25.03.2019 16:08 Чоп этиш версияси

ЙПХ ходимига пора берган шахс қилмишига яраша жазо олди

ЙПХ ходимига пора берган шахс қилмишига яраша жазо олди

А.Камолов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзининг бошқарувида бўлган “Нексия” русумли автомашинасида “Нукус-Тошкент” йўналиши бўйлаб тезлиги 70 км/соат белгиланган жойда тезликни соатига 76 км/соатга оширган. Натижада Кармана тумани “Варқ” аҳоли яшаш жойида ўрнатилган тезликни ўлчаш мосламасида қайд қилинди. 

Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ АЙПХО 2-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ ходими Р.Рўзиев томонидан автомобиль тўхтатилиб, унга нисбатан қонунда белгиланган тартибда маъмурий баённома тузилган ва бошқарувидаги автомашина жарима майдонига киритилган. 

Ҳайдовчи ўзининг манфаатларини кўзлаб,14 март куни соат 21:30 ларда Кармана туманидаги автомашиналар жарима майдончасида машинасини майдончадан чиқариб бериш эвазига ЙПХ ходими Р.Рўзиевга 585.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

14 март куни жиноят ишлари бўйича Кармана туман суди мажлисида давлат органи мансабдор шахсига қонунга хилоф эканлигини била туриб, 585.000 сўм пулларни пора тариқасида берган судланувчи А.Камоловга нисбатан ҳукм ўқилди. У суд муҳокамасида айбига иқрорлик билдирган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 211-моддаси 1-қисми билан судланувчи А.Камоловга нисбатан 2 йил муддатга, сутканинг соат 22:00дан эрталабки 06:00гача бўлган даврида турар жойидан чиқишни чеклашдан иборат бўлган озодликни чеклаш жазоси тайинланди. 

Шунингдек, А.Камоловга озодликни чеклаш жазосини ўташ даврида ИИБнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, тегишли маъмурий ҳудуддан ташқарига чиқмаслик каби қўшимча тақиқлар ҳам қўлланилди.

Маъмуржон Қодиров, Жиноят ишлари бўйича 
Навоий вилоят суди судьяси 

ЎзА
2 299