Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2017 19:12 Чоп этиш версияси

Сирдарё вилоятида йигитлар муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетди

Сирдарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига кўра муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, мудофаа ишлари, ички ишлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари ва бошқа ташкилотлар вакиллари, муддатли ҳарбий хизматга чақирилганларнинг ота-оналари, ҳарбийлар иштирок этган тадбирда Биринчи Президентимиз раҳнамолигида шакллантирилган ихчам, тезкор ва ҳаракатчан, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ҳамда техника билан таъминланган миллий армиямиз мамлакатимиз суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати экани таъкидланди.

Ёшларнинг ҳарбий соҳага қизиқиши академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида жорий этилган чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқитиш жараёнида шаклланади. Бу фаннинг сифатли ўқитилиши ёшларнинг ҳарбий тартиб-интизом, қурол-яроғдан фойдаланиш бўйича назарий билим ва амалий кўникмасини бойитишга хизмат қилади.

Гулистон компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежини аъло баҳоларга битирган Ҳаётжон Ҳайдаров етти йилдан буён спортнинг таэквондо тури билан шуғулланади. Ўзбекистон чемпионати кумуш медали совриндори, бир неча бор вилоят чемпиони.

– Спорт билан мунтазам шуғулланганим жисмоний тайёргарлик синовларидан юқори балл тўплашимда ёрдам берди, – дейди чақирилувчи Ҳ.Ҳайдаров. – Тест синовларида ҳам яхши натижага эришишимда коллежда олган билимларим қўл келди. Бугун Ватан ҳимоячилари сафига қўшилганимдан бахтиёрман.

– Ўғлим Авазжонни ҳарбий либосда кўриб, жуда ғурурландим, – дейди муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Аваз Ўроловнинг онаси, Ҳакима опа. – Ўғлим юртимизнинг мард ва сара йигитлари сафида эканидан фахрланаман. Президентимиз Шавкат Мирзиёевга барча бўлажак аскар оналари номидан, фарзандларимизга яратиб берилган шароитлар учун миннатдорлик билдираман.

Тадбирда ҳарбий хизматга йўл олаётган йигитларга эсдалик совғалари топширилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 348






Все о погоде - Pogoda.uz