Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.02.2017 19:31 Чоп этиш версияси

Жиззахда бўлажак аскарлар муддатли ҳарбий хизматга кузатилди

Жиззахда бўлажак аскарлар муддатли ҳарбий хизматга кузатилди Жиззах вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилган тадбирда ҳарбий хизматчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, бўлажак аскарларнинг ота-оналари, ёшлар иштирок этди.

Кузатув маросимида мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиш ҳар бир йигитнинг эзгу орзусига, фахр-ифтихорига айлангани таъкидланди. Бу туйғулар Ватанимиз мустақиллиги йилларида замонавий ҳарбий техника, қурол-яроғ ва юксак малакали кадрлар билан таъминланган, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимиз осойишталигини ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз шакллантирилгани туфайлидир. Йигитларнинг муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида саралаб олинаётгани армиямизни жисмоний ва маънавий, билимли кадрлар билан таъминлашнинг кафолати бўлиб хизмат қилаётир.

Муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётган йигитлар сафида Жиззах шаҳридаги енгил саноат касб-ҳунар коллежини битирган Озодбек Мўминов ҳам бор. Уни хизматга оила аъзолари, яқинлари кузатиб қўйди.

– Ўғлим коллежда барча фанлардан аъло ўқиб, спорт билан мунтазам шуғуллангани туфайли барча синовлардан мувафаққиятли ўтди, – дейди унинг онаси Барно Синдорова. – Мен ўғлимнинг Ватан ҳимоячилари сафидан ўрин олаётганидан жуда бахтиёрман.

Ватан, тинчлик, жасорат ва мардлик ҳақидаги қўшиқлар тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.

Тошқул Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА
2 317






Все о погоде - Pogoda.uz