Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.02.2018 17:06 Чоп этиш версияси

Йигитлар ҳарбий хизматга кузатилди

Сирдарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида чақирилувчиларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига муддатли ҳарбий хизматга кузатиш маросим бўлиб ўтди.

Унда Қуролли Кучларимиз тизимида амалга оширилган туб ислоҳотлар натижасида шакллантирилган тезкор ва ҳаракатчан, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ҳамда техникага эга миллий армиямиз мамлакатимиз мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолати экани таъкидланди.

Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашга Сирдарё вилоятида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тайёрлашда жойлардаги мудофаа ишлари бўлимлари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда олиб борилаётган маънавий-тарбиявий ишлар муҳим аҳамият касб этаётир.

Мирзаобод қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини аъло баҳоларга битирган Шаҳзод Ўрмонов 6 йилдан буён спортнинг қўл жанги тури билан шуғулланади. Бир неча бор вилоят чемпиони, мамлакат чемпионати совриндори бўлган.

– Компьютерни яхши ўзлаштирганим, спорт билан мунтазам шуғулланганим, устоз ва мураббийларимнинг ўгитлари жисмоний ва тест синовларидан юқори балл тўплашимга ёрдам берди, – дейди муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Ш.Ўрмонов. – Ватан олдидаги йигитлик бурчимни ўташ бахтига муяссар бўлганимдан бахтиёрман.

Бўлажак аскарларга вилоят ҳокимлиги томонидан эсдалик совғалари топширилди.

– Мен бахтиёр онаман, чунки ўғлим Шоҳрухжон муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар сафида турибди, – дейди муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Ш.Умурқуловнинг онаси, Ховос туманилик Муқаддас Турдиқулова. – Ҳозир кўнглимда кечаётган ҳис-ҳаяжонни сўз билан ифодалашим қийин. Ўғлимнинг Ватанга қанот бўла оладиган мард ва сара йигитлар сафида экани мен учун улкан фахр. Фарзандларимизга яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар учун давлатимиз раҳбарига аскар оналар номидан миннатдорлик билдираман.

Тадбир якунида муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар учун дастурхон ёзилиб, концерт дастури намойиш этилди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
13 837