Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.03.2017 20:22 Чоп этиш версияси

Ёшликнинг ҳам уволи бор

Пойтахтимизнинг Олмазор туманида ички ишлар идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ташкил этилмоқда. Ана шундай тадбирларнинг бири Тошкент маданият коллежида ўтказилди.

Таълим муассасаси педагоглари, ўқувчилар билан бўлган мулоқотда Ёшлик талабалар шаҳарчаси ҳокими Қ.Шоназаров, шаҳарча ички ишлар бўлими бошлиғи, подполковник Ш.Мирзажонов, Олмазор тумани прокурори катта ёрдамчиси К.Ёқубов ва бошқалар мамлакатимизда дунё стандартларига жавоб берадиган олий таълим муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ва мактаблар фаолият кўрсатаётгани, уларда ёшларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун барча шароит яратилганини таъкидлади.

Бундай эътибор ва рағбат ёшларнинг зиммасига етук мутахассис, касб-ҳунар эгаси бўлишни юклаш билан бирга, атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмасдан, диний экстремизм, терроризм, “оммавий маданият”, гиёҳвандлик каби иллатларга қарши курашишни ҳам талаб этади.

Айни вақтда мазкур коллежда 913 ўғил-қиз таълим олмоқда. Профилактика тадбирида 14 ўқувчи дарс-машғулотларга мунтазам қатнашмаётгани, 23 нафари эса таълим муассасасида белгиланган тартиб-интизом қоидаларини бузганлиги аниқланди. Тадбирда ана шундай ўқувчилар билан суҳбат ўтказилиб, бу каби салбий ҳолатлар такрорланса, уларга коллеж маъмурияти, ички ишлар идоралари томонидан тегишли чоралар кўрилиши огоҳлантирилди.

– Таълим муассасамизда профилактика тадбирлари ўтказилаётгани биз, ёшлар учун жуда аҳамиятлидир, – дейди коллеж ўқувчиси Ш.Эркинов. – Айниқса, тартиб-интизомга риоя қилмаётган баъзи тенгдошларим ўз вақтида тўғри хулоса чиқариб, ўқиш ва жамоатчилик ишларида намуна кўрсата бошлагани қувонарлидир. Шу билан бирга, ички ишлар идоралари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари билан бўлаётган мулоқотларда ҳуқуқий маданиятимиз ҳам ошиб бормоқда.

Тадбирда коллежда ёшларни ёт иллатлардан асраш борасида олиб борилаётган ишларни янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
2 993






Все о погоде - Pogoda.uz