Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.04.2017 18:47 Чоп этиш версияси

Ёшларнинг экологик билимлари ошмоқда

Мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни асраш, экологик назоратни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Пойтахтимиздаги Яшнобод меҳмонхона хўжалиги касб-ҳунар коллежида 7 апрель – Жаҳон саломатлик кунига бағишлаб ўтказилган давра суҳбатида бу алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими, Тошкент шаҳар Саломатлик ва тиббий статистика институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Экоҳаракат фаоллари, Тошкент шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, тиббиёт ходимлари, ўқитувчи ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

Саломатлик ва тиббий статистика институти директори ўринбосари А.Низомов ва бошқалар мамлакатимизда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, экологик назоратни кучайтириш, бу жараёнда кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш ва уларнинг салбий оқибатлари олдини олиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Аҳоли саломатлиги, экотизимлар ва атроф-муҳитнинг табиий ҳолатини сақлаш ишлари изчиллик билан давом эттирилмоқда.

Бугунги кунда мазкур соҳадаги муносабатларнинг ҳуқуқий асослари яратилган бўлиб, улар «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, “Чиқиндилар тўғрисида”ги каби қонунлар билан тартибга солиб келинмоқда. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар юртимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва экологик мувозанатни таъминлашдек муҳим ижтимоий масалалар рўёбида салмоқли ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати томонидан атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш йўналишларида кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётгани фикримиз тасдиғидир. Ёшларнинг экологик ва эстетик маданиятини юксалтириш мақсадида истироҳат боғлари, дам олиш масканлари, сув ҳавзалари ва бошқа жамоат жойларини озода сақлашга қаратилган “Юртимизни обод қилайлик!” шиори остида амалий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда. Мактаб ўқувчилари ўртасида “Онажоним табиат”, олий ўқув юртлари талаба-ёшлари ўртасида “Глобал иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича энг яхши ғоя”, “Тиббиёт, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ва экология” мавзуларида танловлар ташкил этилмоқда.

Давра суҳбатида мутахассислар экологиянинг ифлосланиши оқибатида юзага келадиган муаммолар, таълим муассасалари ҳудудида экобоғлар яратиш, ёшларга манзарали дарахт, гул кўчатлари экиш ва парвариш қилишни ўргатиш, уларнинг ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларида фаоллигини ошириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА
4 371






Все о погоде - Pogoda.uz