Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.03.2018 20:00 Чоп этиш версияси

Ёшларимизни диний экстремистик кучлар таъсиридан асраш – барчамизнинг бурчимиз

Гулистон шаҳрида ўтказилган давра суҳбати шундай номланди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Сирдарё вилояти кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда шаҳардаги "Бўстон", "Истиқлол", "Обод юрт", "Боғишамол" ва "Улуғобод" маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ва уюшмаган ёшлар иштирок этди.

Тадбирда баъзи мамлакатларда ўзларининг ғаразли мақсадларини илгари сураётган диний экстремистик кучларнинг мудҳиш хатти-ҳаракатлари туфайли содир этилаётган урушлар оқибатида минглаб бегуноҳ одамлар айниқса, болалар, аёллар ва қарияларнинг қони тўкилаётгани, бундай хунрезликлар ислом динини ниқоб қилиб, диний экстремистик ғоя таъсирига тушиб қолган иродаси, иймони суст ёшлар қўли билан амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши раиси ўринбосари С.Қудратов ва бошқалар диний экстремистик кучларнинг асл мақсади ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли ниятларини амалга ошираётганини аниқ факт ва рақамлар билан батафсил тушунтириб берди. Ҳадислардан мисоллар келтирилиб, ҳижрат ва жиҳод қилишнинг асл мазмун-моҳияти изоҳлаб берилди.

– Мамлакатимиз аҳолисининг барча қатламини, айниқса, уюшмаган ёшларни диний экстремистик кучларнинг таъсирига тушиб қолишдан асрашимиз лозим. Мўмай даромад топаман, деб чет элларга бориб, турли диний экстремистик оқимлар тузоғига илиниб қолаётган юртдошларимиз ҳам афсуски кам эмас, – дейди вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Ф.Раҳмонов. – Юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон бўлиши, миллатлараро дўстлик, биродарлик ришталари янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшиш барчамизнинг шарафли бурчимиздир. Айниқса, ёшларимизни четдан кириб келаётган ғараз ниятли кимсалар таъсиридан сақлаш, асраб-авайлаш, диний экстремистик кучлар ғояси ҳар томонлама зарарли эканлигини изчил тушунтириб, уларни Ватанга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш олдимизда турган энг долзарб вазифадир.

Дарҳақиқат, огоҳлик, ҳушёрлик – бугунги даврнинг энг долзарб талаби эканлигини унутмаслигимиз ҳам қарз, ҳам фарздир.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
9 167