Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.07.2017 13:53 Чоп этиш версияси

Ёшларга таянч бўлайлик

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси фаол ёшларининг амалий семинари ҳамда Федерация раҳбарияти билан учрашувида Ўзбекистон "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг 30 июнь куни бўлиб ўтган IV қурултойида белгиланган вазифаларга эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Қ.Рафиқов ва бошқалар ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли таъминлаш, уларнинг орзу-мақсадларини юзага чиқариш йўлида барча шароитлар яратилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида сўзлаган маърузаси ҳамда 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармони ёш авлод манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини янада яхшилашда янги даврни бошлаб берди.

Амалий семинарда касаба уюшмаларининг ёшлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш, истеъдодли ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, ёшларни ижтимоий ҳимоялаш тизимини мустаҳкамлаш, бандликни таъминлашга кўмаклашиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни кучайтириш юзасидан устувор вазифалар муҳокама этилди.

– Илм-фан равнақи юрт тараққиётининг асосий мезонларидан бири, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳуқуқшуноси Хушнуд Худойбердиев. – Бинобарин, олий таълим муассасалари ўртасида интеллектуал олимпиадалар, беллашувларни кенг йўлга қўйишда касаба уюшмалари асосий ташкилотчи сифатида қатнашса, билим олишга чанқоқ йигит-қизлар учун ўзига хос рағбат бўлар эди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича тизимли ишларни амалга оширмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида 2017-2019 йиллар учун тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид бош келишувга, шунингдек, унинг асосидаги тармоқ ва ҳудудий келишувларга ёшлар манфаатини таъминлашга оид янги бўлим ва бандлар киритилди.

Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра, давлатимиз раҳбарининг "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган ўзаро ҳамкорликдаги ишлар белгилаб олинди.

Касаба уюшмалари федерациясининг ёшлар билан ишлаш тузилмасини такомиллаштириш таклифи маъқулланиб, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг ёшлар бирлашмаси ташкил этилди. Ёшлар бирлашмаси раисига Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раисининг ёшлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси мақоми берилди.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, ЎзА
3 189






Все о погоде - Pogoda.uz