ЎзА Ўзбек

14.09.2018 21:21 Чоп этиш версияси

Ёшларга оид давлат сиёсати: амалга оширилган ишлар, муаммо ва ечимлар

Ёшларга оид давлат сиёсати: амалга оширилган ишлар, муаммо ва ечимлар Президентимиз томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилинганига икки йил бўлди. Шу муносабат билан Ёшлар пресс-клубида «Ёшларга оид давлат сиёсати: амалга оширилган ишлар, муаммо ва ечимлар!» мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар комиссияси раиси К.Тожиев, Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари Ш.Шакиров, инновацион ривожланиш вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи О.Тўйчиев, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти директори А.Жалилов ва бошқалар ёшлар ва журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Тадбирда мазкур қонуннинг аҳамияти, ёшлар билан боғлиқ масалалар, улар орасидаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг сабаби, уларни келтириб чиқарувчи омиллар, турли зарарли иллатларнинг салбий оқибатлари ҳақида фикр юритилди.

– Ёшлар тарбияси борасида шошмаслик, ёшлар ва ота-оналарнинг талаб-истакларидан келиб чиқиб, ҳар томонлама пухта ўйлаб иш тутиш керак, – деди Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш институти директори А.Жалилов. – Бугунги кунда ишсизлик муаммоларини ҳал қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Бу эса аста-секин ўзининг самарасини беради.

Тадбирда навқирон авлоднинг ҳар томонлама баркамол вояга етиши, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта ўзлаштириши, истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариши учун зарур шароитлар яратиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган ишлар самарасида ёшларимиз замонавий шароитларда таълим-тарбия олиб, билим ва салоҳиятини жаҳоннинг нуфузли мусобақаларида намоён этаётгани эътироф этилди.

Юртимизда бугунги кунда 30 ёшгача бўлган ёшлар 17 миллион 716 минг 238 нафарни, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар эса 10 миллион 122 минг 316 нафарни ташкил этади. Мамлакат аҳолисининг 61 фоизидан кўпроғини ташкил этувчи ёшлар ва вояга етмаганларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим-тарбияси, соғлиғини ижтимоий муҳофаза этиш, улар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланувчи мутасадди идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Пресс-клуб тадбирида мазкур қонуннинг қабул қилингани ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали рўёбга чиқаришга, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этишга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Даврон Суннатов, ЎзА
3 659