Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.08.2017 16:32 Чоп этиш версияси

Ёшларга “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти тушунтирилди

Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунини аҳолига кенг тушунтириш бўйича Жиззах вилояти адлия бошқармаси тизимидаги идоралар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 50 дан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Жиззах ҳуқуқшунослик коллежида “Ҳуқуқий маданият –коррупция йўлига ишончли тўсиқ” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида ёшлар катта қизиқиш билан иштирок этди. Жиззах шаҳридаги 5-давлат нотариал идораси нотариуси О.Ҳасановнинг Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти ҳақидаги маърузасидан сўнг, қонун бандларининг амалда қўлланиши бўйича қизғин баҳс-мунозаралар бўлди.

Айниқса, қонуннинг 2-боб, 8-моддасида коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия фаолияти билан боғлиқ коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, чек қўйиш, оқибатлари, ҳуқуқбузарликка имкон берувчи сабаблар ва шароитларни бартараф этиш масалалари кенг тушунтирилди.

– Ҳуқуқшунослик коллежидаги дарсларда бу мавзуда савол-жавоблар бўлиши табиий, – дейди О.Ҳасанов. – Аммо ёшлар учун қонунни амалиётда бевосита қўллаш усулларини билиш янада қизиқарлироқ. Шунинг учун амалий фаолият билан боғлиқ суҳбатда ёшлар жуда фаол иштирок этди.

Бундай тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда. Тадбирлар режасига мувофиқ, Жиззах шаҳрининг Алишер Навоий номидаги, Қалия, Шароф Рашидов туманидаги Қаҳрамон, Янгиобод туманидаги Баландчақир, Фориш туманидаги Қизилқум, Мирзачўл туманидаги Ипак йўли маҳаллаларида, Арнасой туманидаги 5-мусиқа ва санъат мактаби, Дўстлик қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежида ўтказилган давра суҳбатлари, семинарлар ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Жиззах ҳуқуқшунослик коллежи, Арнасой туманидаги “Бўстон”, “Чўлқувар”, “Олтин водий”, “Наврўз”, Бобур номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган тадбир тафсилотлари вилоят адлия бошқармаси расмий веб-сайтига жойлаштирилди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят ҳудудий идоралараро комиссияси томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, тарғибот тадбирларини амалга оширишда адлия бошқармаси тизимидаги муассасалар мутахассислари фаол иштирок этмоқда. Тадбирлар доирасида бошқарма мутахассислари вилоят радиосида коррупцияга қарши курашиш мавзусидаги “Менга сўз беринг” ток-шоусига таклиф этилди. Газеталарда ушбу қонун тарғиботига бағишланган мақолалар чоп этилмоқда.

– Қонунни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилишда вилоят адлия бошқармаси томонидан тарғибот тадбирлари изчил олиб борилмоқда, – дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Э.Хўжақулов. – Бошқарма мутахассислари ва тизимимиздаги давлат нотариал идоралари, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари, “Ягона дарча” марказлари ходимлари масъул қилиб қўйилгани яхши самара бермоқда.

Мамлакатимизда аҳоли ҳуқуқий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Халқимизнинг ушбу қонунни яхши билиши уларда ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиш, коррупциядек хавфли иллатга қарши курашиш кўникмаси шаклланишига хизмат қилади.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
1 691






Все о погоде - Pogoda.uz