Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.02.2017 19:08 Чоп этиш версияси

Ёшлар суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан танишди

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва либераллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Суд тизими ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқарилди, фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатини кучайтириш, жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни либераллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Мазкур ҳужжат асосида суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш бўйича устувор йўналишлар белгиланди.

Андижон давлат университетида "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, фуқаролик, жиноят ва хўжалик ишлари бўйича вилоят судлари, вилоят прокуратураси ҳамкорлигида “Суд ва ёшлар” мавзусида ўтказилган тадбирда шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Олий ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда суд тизимини ривожлантириш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳамда ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

– Тадбир ёшларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги жараёнларга фаол, мустақил ва онгли муносабатини шакллантириш, уларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунларига ҳурмат туйғусини кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Андижон вилояти кенгаши раиси Элёр Абдуқодиров. – Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, жиноий жазоларнинг либераллашуви ва гумонланувчи, айбланувчи шахсларнинг қонуний ҳуқуқларини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар, соҳада рўй бераётган ўзгариш ва янгиликлар хусусида атрофлича маълумот берилди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда ёшларнинг фаоллигини янада ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, бу борадаги тарғибот ишларини кучайтириш бўйича фикр алмашилди. Иштирокчилар суд-ҳуқуқ тизими фаолияти ва мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 554






Все о погоде - Pogoda.uz