Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 17:09 Чоп этиш версияси

Ёшлар тиббиёт ва педагогика, молия, ахборот технологиялари, ҳуқуққа оид ихтисосликларни танламоқда

"Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш ижтимоий маркази томонидан "Ўзбекистон ёшлари: ҳаётий қадриятлар, ахлоқ, ижтимоий йўналишлар" мавзуида ўтказилган сўров натижаларини ўрганиб чиқиб, ушбу хулосага келиш мумкин. 

Тадқиқот Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлиги ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги ва "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармонларини ҳаётга жорий этиш мақсадида ўтказилган.

Сўров натижалари ёшларнинг ҳаётий қадриятлари соҳасида таълимнинг устуворлигини кўрсатмоқда. Бу Ўзбекистон ёшларининг таълим даражасини мунтазам оширишга бўлган интилишида намоён бўлмоқда. Ҳар иккинчи йигит-қиз олий, ўрта ва ўрта махсус маълумотга эга эканлиги, олий ўқув юртлари талабалари сафи йилдан-йилга кенгаяётгани бунга ёрқин мисолдир.

Сўров мустақиллик йилларида ёшлар орасида олий маълумотнинг ижтимоий аҳамияти мунтазам ортиб бораётганини кўрсатди. Агар 2010-2011 йилларда ёшларнинг учдан бир қисми олий маълумот олишни истаган бўлса, 2015 йил бу кўрсаткич 57,3 фоизни, 2016 йил 56,8 фоизни, 2017 йил 62 фоизни ташкил этди. Олий маълумот олишни истаган ёшлар кўпроқ тиббиёт ва педагогика, шунингдек, молия, ахборот технологиялари, ҳуқуққа оид ихтисосликларни танламоқда.

Сўров ёш ўзбекистонликлар хорижий тилларни, айниқса, инглиз тилини ўрганишга устувор аҳамият қаратаётганини ҳам кўрсатди. Шу сабабли, ёшлар давлатимиз томонидан хорижий тилларни ўрганишни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ўз вақтида бажарилаётганини ҳамда уларнинг аҳамиятини алоҳида қайд этди. Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги фармонида белгилаб берилган умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, хорижий тилларни чуқур ўрганиш вазифаларини кўзда тутади.

Ўзбекистон ёшлари (28,9 фоизи) давлат мустақиллиги уларга ижтимоий ва сиёсий ҳаётда иштирок этиш, касб танлаш учун кенг имкониятлар, хориж тилларини ўрганиш учун қулай шароитлар (18,8 фоиз), хорижда таълим олиш имконини тақдим этди, деб ҳисоблайди. 

Сўров натижасида оила ва ижтимоий мулоқот муҳити ёшларда фуқаролик позициясини шакллантиришда ҳал қилувчи ўрин тутиши аниқланди. Бу жараёнда маҳалла, ўқув муассасалари, оммавий ахборот воситаларининг ҳам ўз ўрни бор.

Мониторинг истиқлол йилларида мамлакатимиз ёшларининг онги жадал суръатлар билан ўсиб бораётганини кўрсатди. Бу ёшлар дунёқарашининг кенгайгани, уларда ватанпарварлик, Ватанга садоқат ва ифтихор туйғулари шаклланганида яққол намоён бўлади. Ўзбекистон ёшларига Ватанга муҳаббат ва унга фидокорона хизмат қилиш ва ҳимоя қилишга тайёр туриш билан ифодаланувчи юксак даражадаги ватанпарварлик туйғуси хосдир.

Ўзбекистон ёшларининг миллий онги халқ урф-одат ва анъаналари, миллатнинг маънавий ўзлиги – Ўзбекистон миллий мустақиллиги, халқнинг бой тарихи, аждодларнинг улкан мероси, она тили ва миллий маданиятида намоён бўлади.

Ёшларнинг аксарияти мустақиллик йилларида ёшларнинг ватанпарварлик туйғулари мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаган. Сўровнинг деярли барча иштирокчилари, яшаш жойи, жинси, ёши, оилавий шароити, таълим даражаси, касби ёки миллатидан қатъи назар, шу фикрни билдирган. Улар ўзларини ватанпарвар инсонлар деб билишади. Ёшларнинг фикрича, ватанпарварлик "Ватанга муҳаббат ва садоқат", "унинг ҳимоясига тайёр туриш", "давлатнинг буюк келажаги учун кураш", "ўз халқи тарихи, маданияти ва анъаналарини билиш ва эъзозлаш" каби тушунчаларда намоён бўлади.

Мазкур сўров Ўзбекистон ёшлари соғлом ҳаёт тарзига риоя қилиш, алкоголли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари ва наркотиклардан тийилиш, спорт билан шуғулланиш, ўз турмуш тарзи ва овқатланишига эътиборли бўлиш ҳақида тўғри тасаввурга эга эканликларини кўрсатди. Шунингдек, ёш юртдошларимизнинг деярли барчаси соғлом турмуш тарзига амал қилиши аниқланди.

Умуман олганда, Ўзбекистон ёшларининг ҳаётий қадриятлари, ахлоқлари ва ижтимоий кайфиятини аниқлаш борасида олиб борилган кўп йиллик тадқиқотлар мустақиллик йилларида ватанимиз ёшларининг қадрият, қизиқиш ва ижтимоий мезонлари тизимида ижобий ўзгаришлар бўлаётганини кўрсатмоқда.

Давлатимиз ёшлари ҳаётидан рози ва Ватани билан фахрланади. Бу Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган самарали, ижтимоий йўналтирилган ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳаётга жорий этилаётгани натижасидир.


"Ижтимоий фикр" жамоатчилик
фикрини ўрганиш ижтимоий маркази
маълумотлари асосида

Аблай Камолов, ЎзА
2 286






Все о погоде - Pogoda.uz