Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2017 22:05 Чоп этиш версияси

Ёшлар сиёсатига масъул раҳбарлар ўқуви

Тошкент ирригация ва мелиорация институтида туман (шаҳар) ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати туман ва шаҳар кенгашлари раислари, туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарларининг ўқув-семинари бошланди. Айни пайтда Самарқанд, Жиззах ва Навоий вилоятлари вакиллари ўқувда иштирок этмоқда.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати масъул ходимлари, ўқитувчилар ва семинар иштирокчилари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири Р.Қосимов, халқ таълими вазири У.Иноятов ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлоднинг жисмонан соғлом, маънан етук бўлиб улғайишига қаратилаётган ҳар томонлама эътибор уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йил 14 сентябрда имзолаган "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштиришда янги босқични бошлаб берди. Унда ёшлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашларда ёшлар ишлари, диний-маърифий масалалар, кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича раис ўринбосарлари лавозимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик асосида фаолият юритадиган маҳалла фуқаролар йиғини раисининг ўринбосари – ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилди.

– Ҳудудлардаги ўрганишлар жараёнида ёшлар тарбияси, ижтимоий-маънавий муҳит учун масъул раҳбарларнинг иш фаолиятида ўзаро ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмаганлиги ва мутасадди ходимларнинг малакасини оширишга бўлган эҳтиёжнинг мавжудлиги бу борадаги ишларни қайта кўриб чиқиш масаласини олдимизга қўймоқда, – дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳузуридаги "Маҳалла зиёси" республика ўқув-услубий маркази етакчи мутахассиси У.Саидов. – Мазкур муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёшлар тарбияси ва маънавий-маърифий соҳага мутасадди бўлган раҳбарлар ўқувини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Мазкур ўқувга Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри туманларида шу соҳага масъул бўлган ходимлар жалб этилган. Беш босқичда ташкил этилаётган ўқув-семинардан асосий мақсад инсон манфаатлари, маънавий юксалиш, оилаларда ва маҳаллаларда соғлом муҳитни кучайтириш, ёшлар таълим-тарбиясининг иқтисодий ва маънавий асосларини мустаҳкамлашга қаратилгандир.

Ўқув-семинарда олий ўқув юртлари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида давомат ва таълим сифатини кескин кўтариш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини тубдан яхшилаш, талаба ва ўқувчилар ўртасида тарбиявий таъсир тизимини такомиллаштиришга эътибор қаратилади. Ёшларни баркамол этиб вояга етказишдаги муаммо ва таҳдидлар, шунингдек, уюшмаган ёшлар билан олиб бориладиган ишларни самарали ташкил этиш механизмлари, ёшлар сиёсати ва маънавий ривожлантириш масалаларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурларида белгиланган устувор вазифалар бўйича билим берилади. Жойлардаги амалий иш тажрибалари ўрганилади.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратмоқда, – дейди Жиззах вилояти Янгиобод тумани ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Назарқулова. – Бугунги ўқув тадбири ҳам ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги долзарб вазифаларга бағишланган эзгу ишларнинг амалдаги ижросидир. Ўқув дастури бўйича олган билим ва маълумотлар фаолиятимизни янада такомиллаштириш ҳамда ёшлар онг-тафаккурини юксалтириш йўлида олиб бораётган ишларимизда жуда асқотади.

Ўқув-семинарнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Комилов сўзга чиқди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
5 350






Все о погоде - Pogoda.uz