Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.09.2017 19:33 Чоп этиш версияси

Ёшлар Президентимиз ташаббусларини қўллаб-қувватлайди

Касб-ҳунар коллежимиз жамоаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқини катта қизиқиш билан ўқиб чиқди. Президентимизнинг БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш бўйича таклифи коллежимиз ўқувчилари ва ўқитувчиларида чуқур таассурот қолдирди.

Ушбу масала Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йиллариданоқ энг устувор масалалардан бири ҳисобланади. 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган "Ёшларга оид давлат сиёсати асослари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни фикримизни тасдиқлайди. Давлатимиз суверенитетга эришган илк ойлардан бошлаб ёшларга ғамхўрлик қилиб келмоқда.

Ушбу масала Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳам диққат марказидадир. Давлатимиз раҳбари томонидан 2016 йил 14 сентябрда имзоланган янги таҳрирдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонун ёшларга замонавий таълим олиш, уй-жой харид қилиш ва қуриш, оила қуриш учун имтиёзли кредитлар олишда катта имкониятлар, тизимли ижтимоий кафолатларни тақдим этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ёшларида оғриқли муаммолар йўқ, чунки улар давлат ғамхўрлиги оғушида ҳаёт кечирмоқда. Президентимиз айрим ёшлар, хусусан, бизнинг ёшларимиз ҳам зўравонлик ғояси "вируси" қурбонига айланишидан кафолатланмагани ҳақида куюнчаклик билан сўзлади.

Президентимиз БМТ юксак минбаридан туриб «Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз" деди.

Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб мавқеи бор, шу сабабдан ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳасида кўп қиррали ҳамкорлик ўта муҳим. Президентимиз ўз фикрини қуйидагича давом эттирди: «Шу муносабат билан Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этади».

Интернет асрида унинг салбий таъсиридан ҳимояланиб бўлмайди, бироқ дунё ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини умумлаштириш йўли билан таҳдид даражасини камайтириш мумкин. Давлатимиз раҳбари ҳам айнан шу ҳақда гапирди. Мамлакатимиз ёшлари, хусусан, коллежимиз ўқувчилари Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифини тўла қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти БМТ Бош Ассамблеяси юксак минбарида ушбу масалани ёшлар муаммоларига етарли эътибор қаратмаслик халқаро терроризм ва экстремизм таҳдидларининг ортишига олиб келиши мумкинлиги нуқтаи назаридан кўтарди. Зотан, халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга жаҳолат ва муросасизлик ташкил этади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда.

Шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифадир. Биз Президентимизни ушбу вазифани амалга оширишда тўла қўллаб-қувватлаймиз.

Рустам Адҳамов,
Тошкент алоқа касб-ҳунар
коллежи директори.


1 682






Все о погоде - Pogoda.uz