Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.10.2017 14:37 Чоп этиш версияси

Ёшлар Президент нутқини ўрганмоқда

Мамлакатимиз ёшлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқини чуқур ўрганмоқда.

Тошкент давлат шарқшунослик институтида Ўзбекистон Халқ демократик партияси билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбатида мазкур нутқнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда партия марказий кенгаши масъул ходимлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакиллари, ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.

Институт проректори Ш.Орипов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Қ.Каримбеков Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида сўзлаган нутқида бугунги кундаги барча долзарб масалалар қамраб олингани, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик асосли ташаббуслар илгари сурилганини таъкидлади.

Улардан бири БМТ Бош Ассамблеясининг "Маърифат ва диний бағрикенглик" деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифидир. Бу таълимни ривожлантириш орқали жаҳолатга барҳам бериш, жамиятда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтиришга хизмат қилади.

Мамлакатимизда бу борада изчил ишлар амалга оширилмоқда. Буюк алломаларимиз, хусусан, Имом Бухорийнинг бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом дини тўғрисидаги таълимотни кенг ёйиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилмоқда.

– Бугунги тадбирда мутахассислар Президентимиз нутқининг мазмун-моҳияти ҳақида ёшларга батафсил тушунчалар берди, – дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши сектор мудири Умрбек Бектемиров. – Юрт тинчлиги ва келажаги ёшларнинг онгу тафаккури, маърифат дунёси ва тарбияси билан ҳам боғлиқ. Шу сабаб давлатимиз раҳбарининг БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш бўйича таклифи нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё тинчлиги ва равнақига қаратилган жонкуярликдир.

Давра суҳбатида мавзу доирасидаги масалалар, илгари сурилган ғоя-таклифлар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
2 049






Все о погоде - Pogoda.uz