Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.12.2017 16:27 Чоп этиш версияси

“Ёшлар поезди” – Самарқандда

“Ёшлар поезди” – Самарқандда Самарқанд вилоятида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб “Ёшлар поезди” тарғибот акцияси ўтказилди.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ўтказилган акция ёшларни мамлакатимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишлар билан яқиндан таништириш, уларда юрт тараққиётига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Тарғибот акцияси иштирокчилари дастлаб Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйди.

14.JPG

Шундан сўнг таниқли олимлар, кино ва театр актёрлари, спортчилар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолларидан иборат тарғибот гуруҳлари туман ва шаҳарларга чиқиб, ёшлар билан учрашувлар ўтказди, китоб тақдимотлари, хайрия тадбирлари ташкил этилди, саноат корхоналари фаолияти билан танишдилар.

Пахтачи туманидаги “Зиёвуддин толаси” корхонаси ва 25-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган мулоқотларда Конституциямиз ва у асосида қабул қилинган қонунларда ёшлар ҳаёти, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан белгиланган қоидалар ҳақида маълумот берилди. Мамлакатимизнинг ёшларга оид сиёсати устувор йўналишлари тўғрисида сўз юритилди.

16.JPG

Қўшработ туманидаги Зармитан кончилар маданият уйида маҳалла аҳолиси ҳамда Қўшработ саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи ўқувчилари билан Ёшлар иттифоқи фаолларининг очиқ мулоқотида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун давлатимиз томонидан берилаётган имтиёз ва енгилликлар қайд этилди. Ота-оналар ва ёшларнинг бу ҳақдаги саволларига батафсил жавоб қайтарилди.

Тарғибот гуруҳи аъзоларининг Каттақўрғон иқтисодиёт коллежида ёшлар билан учрашувида туман марказида кутубхона ва спорт майдончалари ташкил қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Каттақўрғон шаҳридаги ҳарбий қисмда сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўтаётган йигитлар билан учрашувда миллий армиямизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун яратилаётган шароит, берилаётган имтиёзлар ҳақида сўз юритилди. Аскарларга китоб ва бошқа эсдалик совғалари берилди. Шу куни шаҳардаги Каттақўрғон давлат драма театрида ёшларни турли мафкуравий хуружлардан асрашга қаратилган, ёт оқимларнинг кирдикорлари фош этилган спектакль намойиш этилди.

Самарқанд сержантлар мактаби ҳамда "Темурбеклар мактаби"даги учрашувлар ҳам ёшлар учун унутилмас таассуротларга бой бўлди. Табирларда Бош қомусимиз тарғиботи ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда, ёшларни ўйлантираётган савол ва муаммоларга биргаликда ечим топилди. Шаҳардаги 10-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирокида мавзу юзасидан расмлар танлови ўтказилиб, фаол иштирокчилар Ёшлар иттифоқи ва ҳамкор ташкилотлар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

– Тарғибот акцияси доирасида ўтказилаётган тадбирларнинг аввалгилардан асосий фарқи шундаки, бунда тарғиботчи ҳам, тинловчи ҳам ёшларнинг ўзи, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Умид Ўсаров. – Бу эса томонларнинг бир-бирини тушунган ҳолда ўзаро фикр алмашиши, саволларига жавоб топиши ҳамда таклиф ва истакларини эркин баён этишига қулай имконият ҳисобланади. Барча туман ва шаҳарларда ўтказилган тадбирларимиз ана шу жиҳатлари билан ҳар томонлама самарали бўлди.

Тарғибот гуруҳи аъзолари ҳар бир туман ва шаҳарда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, ногирон ёшлар билан ҳам учрашиб, уларга зарур воситалар ва эсдалик совғалари топширди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
1 901






Все о погоде - Pogoda.uz