Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.09.2017 20:18 Чоп этиш версияси

“Ёшлар поезди” Қорақалпоғистонга келди

“Ёшлар поезди” Қорақалпоғистонга келди Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ташкил этилган “Ёшлар поезди” Нукус шаҳрига келди.

Меҳмонларни Нукус темир йўл вокзалида кенг жамоатчилик вакиллари кутиб олди. Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва қишлоқларида, олис овулларида уч кун давом этадиган тарғибот тадбирларида ёш олимлар, шоир-ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, таниқли спортчилар, тадбиркорлар, эстрада хонандалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари ёшлар билан учрашиб, мулоқотда бўлади.

Тадбирлар Нукус шаҳридаги “Ёшлар маркази”да матбуот анжумани билан бошланди. Унда “Ёшлар поезди” тарғибот акциясини ўтказишдан асосий мақсад мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш, ёшларда жамиятимизда рўй бераётган ўзгариш ва янгиланишларга, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жараёнларга дахлдорлик туйғусини юксалтириш, уларни турли ёт ғоя ва иллатлардан асраш, йигит-қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишдан иборат экани таъкидланди.

“Ёшлар поезди” Қорақалпоғистонга келди

– Тарғибот тадбирларини таълим муассасалари, маҳаллалар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, ҳарбий қисмларда ташкил этиш режалаштирилган, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси О.Дониёров. – Акция доирасида Хўжайли туманидаги 1-болалар Мурувват уйида ҳам хайрия тадбири ўтказилади.

“Ёшлар поезди” таркибида келган ёш олим, гид-экскурсовод, фотосуратчи, блогер ва журналистлардан иборат илмий экспедициянинг 25 аъзоси Мўйноқ туманига жўнаб кетди. “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу илмий экспедиция аъзолари уч кун давомида Оролбўйи ҳудудида истиқомат қилиб, ҳақиқий ҳолат билан танишади.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
3 404






Все о погоде - Pogoda.uz