Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.02.2017 16:09 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда йигитлар муддатли ҳарбий хизматга тантанали тарзда кузатилди

Пойтахтимизда йигитлар муддатли ҳарбий хизматга тантанали тарзда кузатилди Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни кузатиш маросимлари тантанали ўтказилмоқда.

Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси томонидан бир гуруҳ йигитлар муддатли ҳарбий хизматга тантанали тарзда кузатилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, бўлажак аскарлар, уларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз мудофаа тизимида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида ҳарбий хизматга ёшларнинг қизиқиш ва интилиши тобора ортиб бораётгани, Ватан ҳимоячиси бўлиш юксак шараф ишига айлангани алоҳида таъкидланди.

– Бугун оиламиз учун чинакам байрам, – дейди Сергели туманида яшовчи Икром Тожибоев. – Икки ўғлимни – Ҳасан ва Ҳусанни ҳарбий хизматга кузатмоқдамиз. Биз учун ташкил этилган тантанали тадбир кайфиятимизни янада кўтармоқда. Мен ҳам армияга борганман, лекин ўша вақтлардаги йигитларни ҳарбий хизматга кузатиш билан бугунни асло таққослаб бўлмайди. Онамнинг кўзда ёш билан орқамдан термулиб қолгани бутун хизмат давомида юрагимни ўртаган. Бўлажак аскарларнинг ота-оналари бугун хурсандгина эмас, балки қалбида менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, деган юксак ишонч ва фахр-ифтихорни туймоқда.

Юз-кўзида Ватанга муҳаббат, элу юртга садоқат туйғулари жўш уриб турган алпкелбат йигитлар тадбирнинг ҳақиқий қаҳрамонига айланди.

– Болаликдаги орзуларимдан бири ушалаётганидан, барча саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтиб, муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётганимдан хурсандман, – дейди Абдумўмин Абдурашидов. – Мамлакатимизда биз, ёшларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар туфайли эзгу мақсадларимиз рўёбга чиқмоқда. Ватанимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик халқимизнинг энг катта бойлигидир. Уни ҳимоя қилиш ҳар бир йигитга чексиз фахр бағишлайди.

Маросимда бўлажак аскарларга эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар янгради.

Дилшод Каримов, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА
1 029






Все о погоде - Pogoda.uz