ЎзА Ўзбек

05.02.2018 16:00 Чоп этиш версияси

Ёшлар муддатли ҳарбий хизматга кузатилди

Ёшлар муддатли ҳарбий хизматга кузатилди Тошкент вилояти мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида Президентимизнинг 2018 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими ўтказилди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва бўлажак аскарларнинг ота-оналари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида ёшларда ҳарбий хизматга қизиқиш ортиб бораётгани, Ватан ҳимоячиси бўлиш юксак шарафга айлангани алоҳида таъкидланди.

20.JPG

– Қалбида Ватанга муҳаббат туйғуси жўш уриб турган аскар йигитлар сафига ўғлим Муҳаммаджон ҳам қўшилганидан хурсандман, – дейди Бўка туманидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган М.Абдувалиевнинг онаси Маъмура опа Усмонова. – Ўғлимни аскарлик либосида кўриб, кўзимга ёш келди. Улғайиб, Ватанимизга хизмат қиладиган ўктам ва жасур йигит бўлиб қолганини сезмай ҳам қолибман. Унинг доим спортга қизиқиши, касб-ҳунар коллежида аъло баҳоларга ўқиганидан хурсанд бўлардим. Бугун уни ҳарбий хизматга кузата туриб, кўнглимдаги энг эзгу орзулардан бири ушалаётганини ҳис қилдим.

Худди шундай тадбир Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси томонидан ўтказилиб, унда бир гуруҳ йигитлар муддатли ҳарбий хизматга тантанали тарзда кузатилди. Унда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, бўлажак аскарлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирда бўлажак аскарларнинг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, ёшларнинг келгуси ишларига улкан зафарлар тилаб, дуо қилди.

25.JPG

– Болаликдаги орзуларим ушалиб, муддатли ҳарбий хизматга жўнаб кетаётганимдан хурсандман, – дейди Охунжон Мавлонов. – Хизмат даврида бор куч-билимимни сарфлашга, ҳақиқий юрт ҳимоячиси бўлишга ҳаракат қиламан. Миллий армиямиз сафларида ўз йигитлик бурчимни ўтаб, ота-онам ишончини оқлаш, юртимизга керакли инсон бўлиш асосий мақсадимдир.

18.jpg

Маросимда бўлажак аскарларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорлар ижросидаги Ватан, тинчлик ва ёшликни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Абдулазиз Мусаев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
16 383