Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.09.2017 17:03 Чоп этиш версияси

Ёшлар манфаати йўлида яна бир эзгу қадам

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Жавлонов ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 5 июлдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш ўғил-қизларимиз бахту иқболи ва саодатли ҳаёти учун пухта замин яратишда муҳим омил эканини таъкидлади. Янги ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муаммоларини бартараф этиш ва ҳаётда ўз ўрнини эгаллашида чинакам кўмакчи бўлишга ҳаракат қилмоқда.

– Ўзбекистон Республикасининг «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуни қабул қилинганига бугун бир йил тўлди, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Азим Мирзажонов. – Бу қонун ижроси доирасида ёшларга янада кенг имкониятлар яратилди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши, 30 июнь – Ёшлар куни, деб белгиланишини ҳар бир ёш қувонч билан қабул қилди. Ёшлар манфаатига қаратилган мазкур меморандумнинг имзоланиши ҳам улар келажагини таъминлашга хизмат қиладиган муҳим ҳужжат бўлди.

Ушбу меморандум икки тизим ўртасида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар, ёшлар, шу жумладан, маҳаллаларда истиқомат қилаётган уюшмаган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштиришни кўзда тутади.

Тадбир доирасида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши тизимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг таъсис йиғилиши ўтказилди. Унда республика кенгаши ижро аппарати етакчи мутахассиси Бекзод Шоназаров Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчиси этиб сайланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев сўзга чиқди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
1 977






Все о погоде - Pogoda.uz