Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2018 18:21 Чоп этиш версияси

Ёшлар китоб ўқийди, фақат...

Гап-гаштакда, кўча-кўйда “Эҳ, ҳозирги ёшлар китоб ўқимай қўйди-да...” деган ёзғиришни кўп эшитгансиз. Ҳа, бир қарашда бу гинада жон борга ўхшайди. Бугун кимдир интернетга муккасидан кетган. Яна кимдир пул топиш иштиёқида ўзини бозорга урган. Бошқа биров ҳаётий ташвишлари билан андармон. Умуман олганда, ёшлар зиё маскани – кутубхоналарни эсдан чиқаргандек, ақл қайроғи – китобни унутгандек... Бироқ мутолаа учун чоғланган инсонга етарли шароит яратиш масаласи ҳам борки, бу ўз ўрнида китобхонлик маданиятининг юксалишида алоҳида аҳамиятга эга.

Замонавий бинода хизмат ҳам шунга мос бўлиши керак

– Опажон узр, хаёл билан бўлиб эсимдан чиқибди. Иложи бўлса, сумкамни узатиб юборсангиз, ID картамни олиб олсам.

– Нега эсингиздан чиқади, хаёлингиз қаёқда, фикрингизни бир жойга жамлаб юрсангиз бўлмайдими, ука?

Жиззакилик билан дабдурустдан берилган бу саволга қандай жавоб беришимни билмай, уятдан музтар бўлиб узр сўрайман. У эса худди шуни кутиб тургандек, дилидагиларни тилига чиқариб, нордонгина гапларни айта бошлайди.

Атрофимда турнақатор бўлиб навбатга тизилганлар аёлга вазиятни тўғри баҳолашни, бундай ҳолат кўпчиликда кузатилишини тушунтиради.

– Сизлар жим бўлинглар, – дейди у ҳукмфармон оҳангда. Менга бир қур назар солиб қўяркан. – Телефонини олиш эсидан чиқмабди-ку бунинг?! Ахир менга ҳам осон эмас. Бир кунда бунга ўхшаганлардан нечтаси келиб кетади...

Опа шундай дея сумкамни келтириб, зада билан қўлимга тутқазади.

Бу Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг гардеробида ишловчи ходимнинг менга нисбатан муомаласи, касбий этикасидан бир шингил, холос. Аслида гардероб ходими жуда қўрс, шарандоз. Илтифот қилишни билмайди. Айниқса, важоҳати шу қадар кучлики, уни кўриб қўрқувдан ё чикка, ё пукка бўлишингиз аниқ.

Халқимизнинг асрий урф-одатлари, бетакрор қадриятларига кўра, меҳмондорчиликка борган одам ҳамиша илиқ чеҳра, алоҳида эҳтиром билан кутиб олинган. Аммо ҳозирги глобаллашув жараёнида бу анъананинг охори тўкилиб, тарҳи кескин ўзгараётир.

– Кутубхона – томчида қуёшни акс эттирмоққа қодир серзавқ, мўъжиза даргоҳ, – дейди Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти талабаси Муҳаммадшариф Сайлиев. – Бу масканга дахлдор одам маърифатга талпинганларни эзгуликка ошно этиб, уларга ҳар томонлама ибрат кўрсатмоғи керак. Минг афсуски, аксарият ҳолларда ушбу масканнинг остонасиданоқ бунинг аксига рўбарў келаман. Хусусан, бинога кириш тартиби ўта мураккаб, шахсни тасдиқловчи ҳужжатни сўраш тизими мавжуд. Шу боис, назоратчиларнинг “қош-қовоғи”га қараб муомала қилишингизга тўғри келади. Биласизми, дунёнинг ривожланган мамлакатлари кутубхоналарида бундай ҳолат деярли йўқ. Кузатув камералари ўрнатилган. Озарбайжон Республикасининг Низомий Ганжавий номидаги Миллий кутубхонасида ҳам шундай. Истаган вақтингизда, ҳеч қандай ҳужжатсиз бинога бемалол кираверасиз. Фикримча, айни пайтда бизда ҳам қўриқлов тизимига умуман эҳтиёж сезилмаяпти, уни бекор қилиш керак. Токи китобхон ҳадикдан йироқ, ҳаракатланиши эркин бўлсин. Узундан-узоқ навбатларнинг кўпайишига чек қўйилсин.

“Ипак қуртичалик ҳимматинг йўқму?”

Ёшлик – навниҳол, бу вақтда инсоннинг ўз “мен”и шаклланиб, сайқал топади. Шу маънода айтадиган бўлсак, муассасада ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ўстириш, билим ва кўникмасини шакллантиришга етарлича эътибор қаратилмаган. Буни айрим ходимларнинг хизмат кўрсатиши талаб даражасида эмаслиги билан изоҳласак янада ўринли бўлади. Мисол учун, сиз ўзингизга керакли адабиёт бўйича электрон каталог залига бориб, мутахассисдан тавсия олмоқчисиз. Хизмат кўрсатувчи қаршингиздаги компьютерга ўтириб, “IBS” дастури орқали барча маълумотларни топиб олишингиз мумкинлиги тўғрисида стандарт жавобни айтади. Ундан қандай фойдаланиш тартиб-таомилларини ўргатмайди. Тушунмасдан ёрдам сўрасангиз, кўмак беришга эринади. Малол келади. Бу лаҳзада Ҳазрат Навоийнинг таъкиди ёдингизга тушиб, беихтиёр пичирлай бошлайсиз: “...ипак қуртичалик ҳимматинг йўқму?”.

Яна бир муҳим жиҳат: тушлик вақтида маълумотлар хизмати бўлимидан ёнингизда олиб келган китобингизни рўйхатдан ўтказиб, ичкарига олиб кириш анчайин
қийин кечади. Негаки, бу пайтда масъул ходим овқатланаётган бўлади, унинг вазифасини ҳеч ким вақтинча бўлса-да, бажармайди. Сабабини суриштирсангиз, кадрлар тақчил эканлигини рўкач қилишади. Табиийки, бу орада қимматли вақтингизни мақсадсиз сарфлайсиз.

Хўш, ўқувчини бу тарзда бездириб, илм олиш иштиёқини сусайтириш эртага мамлакат маънавий ҳаётини қашшоқлаштириб, ваҳшиятига йўл очмайдими? Бу руҳда камол топган авлодни комил инсон, шундай тоифадан ташкил топган жамиятни эса маърифатли жамият, деб бўлармикин?! Йўқ, албатта. Демак, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот-технологиялари университетида кутубхоначилик йўналиши бўйича тайёрланаётган кадрларнинг илмий салоҳияти билан бирга маънавий савиясини ошириш зарур.

Хўроз қичқирмаса, тонг отмайдими?


Зулхумор Орифжонова Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси. У дарсдан бўш вақтларини, асосан, китоб мутолааси билан ўтказади. Бу орқали илмнинг шаҳодатини ҳаётига нақшлаб, вужудида теранлик ҳосил қилади. Турмушнинг сирли жумбоқлари, нозик қирраларини идрок этиб, дунёни турфа рангларда, манзараларда кўра бошлайди. Мақсади инглиз тилида пухта сўзлайдиган салоҳиятли журналист бўлиб, юртга наф келтириш.

– Мутолаа кундалик эҳтиёжимга айланган, – дейди у. – Шу боис, миллий ва мумтоз адабиётимиз билан бирга, жаҳон адабиёти намуналарини мунтазам ўқиб бораман. Бу ерда маънавиятимизни юксалтириш, онгу шууримизни кенгайтириш учун неки зарур бўлса, барчаси муҳайё. Аудиториялар кенг, шинам ва ёруғ. Адабиётларнинг сон-саноғи йўқ. Ҳафтанинг белгиланган кунларида АҚШ, Россия, Германия, Япония, Хитой, Швейцария, Эрон, Малайзия каби давлатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари билан ҳамкорликда турли хил анжуманлар уюштирилади. Шоир ва ёзувчиларнинг янги китоблари тақдимоти, ижодий учрашувлар, баҳс-мунозаралар бўлиб ўтади. Асарларнинг мазмун-моҳияти, тарбиявий жиҳатлари хусусида билдирилган мулоҳазалар қизиқарли тус олиб, мушоирага уланиб кетади. Бетакрор ифода, камалак каби сержило фикрларни тинглаб, дилингизда эзгулик тўлқинлари мавжланади. Кўнгил соҳилида кеза бошлайсиз. Аммо қуйида келтирганим – тарозининг иккинчи посангиси ҳам борки, бу хусусда ўйлаб кўрилса, яхши бўларди.

Маълумки, сессия – ғалвир сувдан кўтариладиган палла. Бу пайтда кўпчилик кутубхона томон ошиқиб, керакли адабиётлар, монографиялар, ўқув-қўлланмалардан фойдаланади, нусха кўчиради. Хўш, бунинг нимаси ёмон, дерсиз? Аслида нусхакашликни муҳокама қилмоқчи эмасман. Айтмоқчи бўлганим, ана шу хизмат тўғрисида. Яъни бу ерда ксерокопия қиммат – 300 сўм. Сканердан рангсиз ҳолда намуна олишингиз 1000, рангли ҳолда нусха олиш эса 5000 сўм. Бу – университетимизга ёндош ҳудуддаги айни йўналиш тури билан шуғулланадиган тадбиркорлик субъектларининг хизматлари билан солиштирганда 1,5-2, ҳатто 3 баравар кўп. Қизиқ-а? Талабаларни заҳарли қовоқ аридек чақишга ҳозирланган бу нарх ким томонидан, қайси мезон асосида белгиланган?

Биз китобхоннинг саволига жавоб топиш илинжида кутубхонанинг илмий методика ва тадқиқот хизматлари бош мутахассиси Ободбой Қиличбоевга юзландик. Унинг айтишича, бу ҳолатни келтириб чиқарган асосий омил техник воситаларнинг четдан келтирилгани, яъни уловидан тушови қимматга тушгани сабаб бўлган. Бундан ташқари, кутубхона хўжалик ҳисобида. Иқтисодий томондан ўзини ўзи таъминлайди. Шу боис, таклиф этилган техник хизматларнинг баҳоси бир оз оширилган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз”, деб турган бир пайтда тарбия ўчоғи, ибрат мактаби ҳисобланган маърифат кошонасининг кўрсатаётган хизматларига танда қўйиш орқали ўқувчиларнинг пулини “шилиб”, бунинг ортидан “нон ейиш”ини қандай тушунмоқ керак? Умуман олганда, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, сарфланган маблағни қоплаш учун маънавиятни таназзулга бошлаб, кўнгил мулкини вайрон қилиш билан
эришиладими? Бошқача айтганда, хўроз қичқирмаса, тонг отмайдими?

Фойдаланилгани – бойлик

– Математикада қўшилувчиларнинг ўрни алмашгани билан қиймати ўзгармайди, деган таъриф бор, – дейди Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети талабаси Сиёвуш Жўраев. – Бинобарин, кутубхона фойдаланувчиларининг аксарият қисми эртамиз эгалари – ёш авлод вакиллари эканлигини ҳисобга олиб, хизмат кўрсатишнинг бепул турларини жорий этиш ёки муайян тизим асосида китоблар ижарасини йўлга қўйиш зарур. Ахир китобларнинг йиллаб ўқилмай, чанг босиб ётишидан нима фойда, ундан кимдир фойдаланиши керак-ку?!

– Университетимизда бизнинг йўналишга ихтисослашган ўзбек тилидаги адабиётлар камлиги боис, кутубхонага соҳага доир манбалардан реферат, мустақил ва курс ишини тайёрлаш учун келамиз. Зарур ҳолларда улардан нусха оламиз. Афсуски, бу ерда нусха олишнинг меъёрлари белгилаб қўйилган. Чунончи, қўлингиздаги материалдан тўла-тўкис намуна кўчиролмайсиз. Сабаб – муаллифлик ҳуқуқи. Тушуниш қийин, сиз тайёрлаган материалингизнинг қуйи қисмида муаллиф ва ундан келтирган иқтибосингизни албатта, қайд этасиз. Амалдаги қонунчиликка кўра, бу ҳолатда муаллифлик ҳуқуқи деярли бузилмайди. Шундай бўлса-да, муассаса томонидан белгиланган ички қоидадан ўтиб иш юрита олмайсиз. Бундан ташқари, электрон шаклдаги номзодлик ва докторлик диссертациялари билан тўғридан-тўғри танишиб чиқишнинг имкони йўқ. Айрим қисминигина кўришингиз учун ҳам маълум миқдорда пул тўлашингиз лозим. Хўш, бундан ким манфаатдор: муаллифми, кутубхонами ёки ўқувчи?

Қонун ижодкорлари қонуний чора кўра оладими?

Илон Маск хусусий сектор орқали коинотга ракета учирди. Билл Гейтс хусусий сектор орқали бутун дунёдаги компьютерлар тизимини 75 фоиз ОС билан таъминлади. Бизда эса халқ тафаккурини ривожлантириш маълум маънода хусусий секторнинг даромад манбасига айланди. Буни нафақат зиё маскани, балки китоб олди-сотдиси билан боғлиқ масалаларда ҳам кўришимиз мумкин. Бошқача айтганда, бугун тадбиркорларнинг аксарияти маърифатдан йироқлашиб, шахсий манфаати йўлида иш олиб бораётир.

“Мetastudy” ўқув маркази шулардан бири. Айтиш лозимки, марказ яқинда ўз тажрибасини оммалаштириш мақсадида глобал тармоқда катта шов-шувга сабаб бўлган “5000 words in a month” номли китобни нашрдан чиқарди. Нархи оз эмас, кўп эмас 800 минг сўм. Тасаввур қилаяпсизми? Уни олишга кимнингдир қурби етади, кимнингдир йўқ. Ўқув маркази раҳбари билан айни мавзуда, яъни имтиёз ва чегирма асосида харидни ташкиллаштириш тўғрисида суҳбатлашганимда, китобга сарфлаган меҳнатини хаспўшлашдан нарига ўтмади. Аниқроғи, вазиятни тушунишни истамади. Начора...

Китобни амаллаб топиб, ўқиб чиқдим. У инглиз тилини ўрганаётганлар учун мўлжалланган бўлиб 1 ой мобайнида шу тилдаги 5000 та сўзни ёдлаш техникаси “ноанъанавий” усулда ўргатилган. Имло, орфографик хатоларга тўла. Кўр-кўрона тавсиялар берилган. Нашриётининг ҳам манзили йўқ, қанча ададда чиққани номаълум. Айниқса, қўлланмада баён этилган жумлалар миллий қадриятларимизга, одоб-ахлоқ меъёрларига мутлақо зид. Масалан, қуйидаги сўзларни олайлик:

Stapler – даста, тутқич. Изоҳи: “степлерларга кўпам ишонманг, ёлғиз қолганизда сизга ташланиб қолади”.

Satire – ҳажвий асар, киноя. Изоҳи: “замонамизда сатанг аёлларга ўрин йўқ деб киноя қилишади”.

Underdog – заиф киши. Изоҳи: “итнинг тагида заиф киши ётибди”.

Harsh – қўпол, чўрткесар. Изоҳи: “қўпол, чўрткесар кимё ўқитувчиси бир соатдан буён H2O нима эканини тушунтирмоқда”.

Shabby – кийилган, эски. Изоҳи: “кийилган кийим каби инсонлардан узоқроқ юринг”.

Sheer – қиёси йўқ. Изоҳи: “бизнинг оламда юзи кир инсонга қалби кир инсоннинг қиёси йўқ”.

– Очиғи, буларни ўқий туриб, ҳайратдан ёқа ушладим, – дейди психолог Ғофуржон Парпиев. – Эҳтимол, ана шундай ажабтовур “клишер”лар тузиш орқали муаллифлар мнемоникани шакллантиришга ва пировардида аффирматив прогрессга эришмоқчи бўлгандир, дерсиз? Агар шундай бўлса, қўлланмани нега давлат ёки фирма номи кўрсатилган нашриётларда чиқармади? Демак, уларнинг талабига тўғри келмаган. Хусусан, изоҳларнинг мафкуравий жиҳатлари чуқур синтез қилинмаган. Аслида шу типдаги китоблар ўқувчининг онг ости қатламига ак
с таъсир ўтказади. Натижада китобхон ўзи билиб-билмаган ҳолда турли-хил номаъқулликларга қўл уради. Ғарб ҳаётида, тарихда бунга мисоллар кўп. Хуллас, темирни занг кемирганидек, одамни маънавиятсизлик мўрт қилади. Ундан сақланиш учун эса ақлни илмга йўналтирилган, савия жиҳатидан юксак китоблар билан чархлаб туриш лозим.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорида мазмунан саёз, ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган адабиётларни тайёрлаш, босиб чиқариш ва олдини олиш чораларини кўриш белгиланган. Шу маънода айтадиган бўлсак, маънавиятни бизнесга айлантирган ҳолда, даромад солиғидан яширган пулларини чўнтагига жойлаётганларга қонун ижодкорлари чора кўра оладими?

Тармоқнинг ҳуқуқий асоси яратилиши зарур

– Одатда, маҳсулотнинг нархи унга сарфланган меҳнат ва хомашё билан ўлчанади, – дейди журналист Маъруфжон Жумаев. – Бироқ, ҳозирги шароитда савдога чиқарилаётган китобларнинг қиймати ҳар жойда турлича. Бу қайси мезон асосида белгиланаётганини англаш қийин. Тўғри, бугун замон ўзгача. Фаолиятингиз эркин бўлмоғи керак. Аммо бу нарх-наволарни муттасил ёки сунъий равишда кўтариб боришни англатмайди. Аксинча, бозорда бир кун нарх тушса, бир кун юқорилайди. Унинг шундай қонунлари бор.

Дарҳақиқат, айни пайтда китоб дўконларидаги нархлар турғун эмас. Улар ўртасидаги тафовут “Ўзбекистон”, “Ғафур Ғулом” “Янги аср авлоди” нашриёти ҳамда “Китоб олами” ва “Шарқ зиёкори” дўконларида ҳар хил. Жумладан, “Шарқ зиёкори”да Мигел де Сервантеснинг “Донкихот” номли асари сотувда 32 минг бўлса, “Ўзбекистон” нашриётида 38 минг, “Китоб олами”да эса 41 минг сўм турибди. Қайта солиштириш учун иккинчи китобнинг баҳоси билан қизиқаман. Танлаганим – модернизм адабиётининг етакчиларидан бири Франс Кафканинг “Жараён”и. Нархни билгач, чўтга тушираман: “Ўзбекистон” нашриётида 23 минг 500 сўмга белгиланган мазкур асар “Китоб олами”да 28 минг 800 сўмдан сотилмоқда. “Шарқ зиёкори”да эса бу нарх 22 минг сўмни ташкил этади.

– Китобларнинг таннархи, энг аввало, хомашёга боғлиқ, – дейди "Ғафур Ғулом" номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳаррири Илҳом Зоиров. – Бизга қоғоз, асосан, Россия ва Финляндиядан келади. Маълумки, бозор иқтисодиётининг ўзига хос томонларидан бири – талаб ва таклиф ўртасидаги мутаносибликдир. Ҳозир маҳсулотимизга талаб бир оз кам бўлгани учун чиқараётган китобларимизнинг адади тўрт-беш мингдан ошмаяпти. Бу ўз навбатида, унинг нархига ҳам таъсир ўтказаётир. Қолаверса, танганинг иккинчи томони ҳам бор. Яъни – тужжорлар. Биласиз, биз биринчи қўлмиз. Улар бизда 1000 сўмга чиққан китобни ўз дўконида 5000 сўмга пуллайди. Нашриёт эътироз билдира олмайди. Қиммат сотманг десак, “кечириб қўясиз, бозор иқтисоди, хоҳласам 5 минг сўм, хоҳласам 10 минг сўм сотаман”, деб жавоб беришади. Албатта, буларнинг барчаси айни йўналишда нарх-навони тартибга соладиган ва шу фаолият тури билан шуғулланувчилар учун қонуний механизм ишлаб чиқилмагани натижасидир. Назаримда, бу борада марказлашган бошқарув ва таъминот тизими жорий қилинса, тармоқнинг ҳуқуқий асослари яратилса, айни муддао бўларди.

Хулоса ўрнида...

Ҳар қандай давлатнинг келажаги – маърифатли, интеллектуал салоҳиятга эга ёшлардир. Шундай экан, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, кутубхоналардаги ички муҳит, китоб ноширчилиги ва савдоси билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, жамиятимизда маънавий муҳитнинг барқарорлигини таъминлаш келажагимиз ворислари – навқирон авлоднинг баркамол улғайишида муҳим аҳамият касб этади. Буни унутмаслигимиз керак.

Муҳаммаджон Аҳмаджонов, ЎзА
5 690