Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2017 17:07 Чоп этиш версияси

Ҳарбий хизматдан қайтган аскарлар ва ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди

Мирободлик Суннатилло Ҳайитбоев муддатли ҳарбий хизматни Сурхондарё вилоятининг Денов туманида ўтаб келди. Намунали ҳарбий интизоми, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори натижаларга эришгани, тест синовларидан муваффақиятли ўтгани сабаб мамлакатимиз олий таълим муассасаларига имтиёзли асосда ўқишга кириш имконини берадиган ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасини қўлга киритиб, ўқишга киришда 50 фоизлик имтиёзга эга бўлди. У Тошкент архитектура-қурилиш институтида таълим олишни режалаштирган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 4 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги» қарорига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қарори Суннатилло сингари Ватан ҳимоячиларининг ҳарбий хизматдан кейин ҳаётда, жамиятда муносиб ўрин топишида муҳим омил бўлмоқда.

Миробод тумани ҳокимлиги ташаббуси билан Тошкент шаҳар халқ таълими, ички ишлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди шаҳар бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган «Катта ҳаётда ўз ўрнимни топиб, Ватанимга хизмат қиламан» деб номланган тадбирда ана шу жиҳатлар алоҳида тилга олинди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон тарихи давлат музейидаги «Мустақиллик экспозицияси» билан танишди, Мустақиллик майдонидаги «Мотамсаро она» ҳайкали пойига гул қўйди.

Миробод тумани ҳокимлигида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган аскарлар ва бир гуруҳ ёшларнинг туман ҳокимлиги, солиқ, ички ишлар, суд, прокуратура ходимлари билан учрашуви ташкил этилди.

Жорий йилда тумандан 78 йигит муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган, тумандаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини 2 минг 838 ўқувчи, олий ўқув юртларини 2 минг 639 талаба битиради. Уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш доимий эътиборда.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг бизнес ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, банклардан имтиёзли кредит олиш тартиби, иқтисодиётнинг турли соҳаларида фаолият бошлаш учун кўмак бериш каби масалалар муҳокама этилди.

Азима Қиёсова, ЎзА
3 650






Все о погоде - Pogoda.uz