Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.12.2017 14:25 Чоп этиш версияси

Ёшлар иттифоқининг саъй-ҳаракати билан бир йигит камида 5 йил қамоқ жазосидан қутқариб қолинди

Шероз Сувонов Тайлоқнинг Украч қишлоғида туғилган. Қўлида гулдай ҳунари бор. Самарқанддаги йирик корхоналардан бирида ишлайди. Ҳалол меҳнат қилиб, жамиятда ўз ўрнини топишга интилаётган ёшлардан бири. Нима бўлди-ю, қизиққонлиги, қолаверса, ўз ҳаракатининг ижтимоий хавфлилик даражасини билмаслиги оқибатида “Telegram” ижтимоий тармоғи орқали “Жесты и катастрофы” каналидаги жангари видеороликни танишига юборди.

Бу ножўя ҳаракат фош этилгач, Шерозга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши очилди. Жиноят иши материалларига кўра, у 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Яқинда Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди биносида Тошкент шаҳар судининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Унда Шероз Сувоновга нисбатан очилган жиноят иши кўриб чиқилди.

Суд мажлисида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Р.Қобилов, Тайлоқ тумани кенгаши раиси М.Ашуров ҳам иштирок этди ва Ш.Сувонов ҳақида ўз фикрларини билдирди.

– Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилаётганда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу ташкилот зиммасига ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан муҳим вазифалар қўйди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Самарқанд вилояти кенгаши раиси Р.Қобилов. – Жумладан, ҳаётда билиб-билмай ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этган ёки бошқа ножўя ишга қўл урган ёшларни тўғри йўлга бошлаш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш ҳам иттифоқимиз фаолиятининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, суд мажлисида Шероз Сувоновнинг бу хатти-ҳаракати оқибатини билмасдан содир этгани, бу ишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини инобатга олиб, унинг бу хатосини тузатишга биз ҳам ёрдам беришимизни билдирдик. Шерознинг келгусида бундай ножўя ишлар қилмаслиги ва ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлиб, диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш тадбирларида қатнашишига, эл-юрт учун керакли кадр бўлиб етишишига кафолат бердик.

Суд ёшлар иттифоқининг ижобий тавсифномаси ва кафолатини инобатга олиб, судланувчи Ш.Сувоновга тайинланиши мумкин бўлган 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазосини 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишига алмаштирди.

Ёшлар иттифоқининг саъй-ҳаракати билан бир йигит камида 5 йил қамоқ жазосидан қутқариб қолинди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
4 800