Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.01.2018 21:10 Чоп этиш версияси

Ёшлар иттифоқининг ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотлари етакчилари сайланмоқда

Ўтган йил ноябрь ойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Мудофаа вазирлиги ўртасида ўзаро Англашув меморандуми имзоланган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ҳамда ушбу меморандумга мувофиқ Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотлари етакчилари сайланмоқда. Бу борадаги ишлар Ватан ҳимоячилари куни арафасида фаол амалга оширилаётганида чуқур рамзий маъно мужассам.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари давлат музейида Ёшлар иттифоқининг ҳарбий қисмлардан биридаги бошланғич ташкилоти етакчисини сайлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Мирзо Улуғбек тумани кенгаши раиси Шерзод Олимов бошланғич ташкилотлар учун етакчилар сайловининг Ватан ҳимоячилари куни байрами арафасида ўтказилаётганининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши ва ҳарбий қисм бошланғич ташкилоти ватанпарварлик мавзуидаги турли тадбирларни ўтказишда яқин ҳамкорлик қилиши қайд этилди.

Капитан О.Фозилов уч номзод орасидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти етакчилигига сайланди.

Шу куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультетида ҳам Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчисининг сайлови бўлиб ўтди. Унда муқобиллик асосида катта сержант Сардор Турсунов етакчи этиб сайланди.

Аблай Камолов, ЎзА
6 607