Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2017 18:53 Чоп этиш версияси

Ёшлар бандлиги таъминланмоқда

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитлар ўз уйига ҳарбий билим ва малакани пухта эгаллаб, иродасини тоблаб, жисмонан ва маънан янада юксалиб қайтаётир. Шу боис Ватанимиз ҳимоячиларини тантанали кутиб олишдан тортиб уларнинг ҳарбий хизматдан кейин жамиятимиздан муносиб ўрин топишига қадар барча ишлар махсус дастур асосида ташкил этилмоқда.

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан ташкил этилган анжуманда шулар ҳақида сўз борди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларда муҳим дастуриламал бўлаётгани таъкидланди.

– Ватанимиз ҳимоячилари жойлардаги ҳокимликлар, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси вакиллари ва ота-оналар иштирокида тантанали кутиб олинмоқда, – дейди Мудофаа вазирлиги бош штаби ташкилий-сафарбарлик бош бошқармасининг чақирув ва сафарбарлик чақирув резервига тайёрлаш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Қодиров. – Муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ёшларни иш билан таъминлаш, олий таълим ва олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинишида амалий ёрдам бериш мақсадида қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Натижада шу йил 15 мартгача армиядан қайтган 800 йигит ишга жойлаштирилди, 134 нафари шартнома асосида ҳарбий хизматга чақирилди. Олий таълим муассасаларига кириш учун ҳарбий қисм тавсияномаларига эга бўлган 5 минг 20 йигитга талабаликка қабул қилиш имтиҳонларига тайёрланиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олди.

Дилшод Каримов, ЎзА
2 120






Все о погоде - Pogoda.uz