ЎзА Ўзбек

05.03.2018 14:41 Чоп этиш версияси

Ёш техниклар фестивали

Ёш техниклар фестивали Наманганда “Ёш талантлар инновациялари – ҳаётга” шиори остида ўқувчилар фестивали бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари, давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари ҳамда “Баркамол авлод” болалар марказлари қошидаги тўгаракларда фан-техника сирларини ўрганаётган иқтидорли ёшлар ўз ихтиролари, техник ишланмалари билан иштирок этди.

7.jpg

– Президентимиз томонидан инновацион технология ва ғояларнинг бугунги кундаги беқиёс аҳамиятига алоҳида эътибор берилаётгани бежизга эмас, – дейди вилоят “Баркамол авлод” маркази директори Ҳ.Маматова. – Зеро, дунё тамаддунида ҳамиша ҳал қилувчи роль ўйнаган илм-фан ва унинг амалиётдаги татбиқи бугунги глобал тараққиёт асрида юз карра муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур фестиваль инновацион технологиялар бўйича истеъдодли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Фестивалда ёшларнинг автомодель, авиа-ракета модель, кемасозлик, робототехника, электрон ўйинчоқлар, информатика ва компьютер технологиялари йўналишидаги инновацион техник ишланмалари, дастур ва лойиҳалари, ўз қўллари билан ясаган моделлари намойиш этилди.

Фестиваль иштирокчиларининг ишланмалари мутахассислардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланди. Биринчи ўринни авиамодель ҳамда электрон ўйинчоқлар ишланмалари бўйича Учқурғон туманидаги 8-умумтаълим мактаби ўқувчилари Қобилжон Тожимирзаев ва Абубакир Абдуқаҳҳоров, веб-сайт ишланмалари бўйича Поп туманидаги 10-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Элёр Раҳматуллаев, робототехника йўналишида Норин туманидаги 43-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Муҳаммад Набижонов, кемасозлик йўналишида Тўрақўрғон туманидаги давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг 6-синф ўқувчиси Акбар Маҳмудов, авиа-ракета моделлари бўйича Наманган шаҳридаги 3-умумтаълим мактаби ўқувчиси Темур Мақсудов эгаллади.

Фестиваль низомига кўра, юқоридаги йўналишларнинг иккинчи ва учинчи ўринлари соҳиблари, ”Энг ёш фестиваль иштирокчиси”, “Энг ноанъанавий инновация муаллифи” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Ғолиб ва совриндорлар фестиваль ташкилий қўмитаси томонидан мукофотлар билан тақдирланди.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
9 453