Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.07.2017 16:07 Чоп этиш версияси

Ёш тадбиркорлар қўллаб-қувватланмоқда

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Янги авлодни тарбиялаш, ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш борасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси “Ёшлар қаноти” олдида турган долзарб масалалар” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.

Партия сиёсий кенгаши томонидан ташкил этилган семинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, тадбиркорлар, партия ҳудудий кенгашлари вакиллари, “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни хусусий тадбиркорликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Изланувчан ва ташаббускор, замон руҳини теран илғайдиган малакали ёш мутахассисларни партия сафига жалб қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда, – дейди партия сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Э.Шукуров. – Бу саъй-ҳаракатлар амалиётда катта маблағ талаб қилмайдиган янги инновацион лойиҳаси бор уюшмаган ёшлар учун айни муддао бўлди. Келгусида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка жалб қилиш, уларга ўз бизнесини йўлга қўйишда кўмаклашиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларнинг интилиш ва ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлаш партиямизнинг дастурий мақсад ва вазифаларидандир.

Тадбир давомида иштирокчилар ЎзЛиДеП “Ёшлар қаноти”нинг тизими, келгуси мақсад ва вазифалари билан яқиндан танишди. Партия вакиллари томонидан ўтказилган машғулотларда ёшлар билан ишлаш бўлимларининг йил бошидан буён амалга оширган ишлари таҳлилий-танқидий муҳокама қилинди.

Семинар доирасида барча вилоятлардан келган “Ёшлар қаноти” фаоллари ва ёш тадбиркорлар кичик гуруҳларга бўлиниб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти бўйича давра суҳбати ташкил этилди.

– Янгийўл туманида бройлер жўжалар етказиб берувчи кичик корхона, савдо дўкони ва умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этганман, – дейди партия Тошкент вилояти “Ёшлар қаноти” фаоли С.Кабиров. – Унда 20 дан ортиқ ишчи меҳнат қилади. Ўқув-семинар давомида малакали тадбиркорлар тажрибалари билан танишдим. Айниқса, савдо-сотиқ, солиқ, божхона ишлари бўйича олган ҳуқуқий билимлар фаолиятимизни янада ривожлантиришда жуда асқотади.

Тадбирнинг иккинчи куни партия “Ёшлар қаноти”нинг ўндан ортиқ лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Лойиҳаларда ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга қаратилган қатор тадбирлар белгиланган.

Семинар доирасида тажрибали тадбиркорлар иштирокида “Ёшларни, жумладан, уюшмаган ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш ва “Start-Up”ларни қўллаб-қувватлаш” мавзусида маҳорат сабоқлари ўтказилди.

А.Мусаев, ЎзА
2 192






Все о погоде - Pogoda.uz