ЎзА Ўзбек

13.07.2018 16:47 Чоп этиш версияси

Ёш китобхонлар сараланмоқда

Ёш китобхонлар сараланмоқда Сурхондарё вилоятида “Ёш китобхон” танловининг саралаш босқичи юқори савияда ўтказилмоқда.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа ҳамкорлар томонидан ўтказилаётган тадбирнинг вилоятдаги саралаш босқичида 40 мингга яқин ёшлар иштирок этиши кутилмоқда. Ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтиришга йўналтирилган танловни иштирокчилар учун энг қулай ва замонавий биноларда ўтказишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Танловнинг Термиз шаҳар саралаш босқичи барча замонавий шароитларга эга Адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида ташкил этилди. 12 июль куни 20-30 ёшдаги иштирокчилар танловнинг саралаш босқичида ўз билимини синовдан ўтказди. 13 июль куни 15-19 ёшли китобхон ўғил-қизлар сараланмоқда. Ўн тўртинчи июлда эса 10-14 ёшдаги ёш китобхонлар ўз билимини дастлабки синовдан ўтказади.

7.jpg

– Саралаш босқичида 50 та тест саволининг 43 тасига тўғри жавоб топиб, 86 балл тўпладим ва шаҳар босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдим, – дейди Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 8-синф ўқувчиси Марғиёна Жуманазарова. – Бўш вақтимда таниқли ёзувчиларимиз асарларини ўқишни жуда ёқтираман. Танлов баҳонасида хориж адабиётига ҳам қизиқишим янада ортди. Энди чет эллик машҳур адибларнинг асарларини ҳам мутолаа қиламан.

Танловнинг Термиз шаҳар саралаш босқичида 4 мингга яқин ёшлар иштирок этади.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
5 534