ЎзА Ўзбек

02.03.2018 15:45 Чоп этиш версияси

Ёш болали оилаларга моддий ёрдам бериладими? Бу қандай тартибда амалга оширилади?

Ҳуқуқий маслаҳат

Аҳолини қизиқтираётган саволларга жавоб бериб бориш мақсадида агентлигимиз Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Қуйида болали оилаларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга оид масалаларга оид саволларга жавоб топасиз:

Савол: Нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам қандай оилаларга ва қачондан бошлаб тўланади?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига кўра, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Бундай моддий ёрдам ариза берувчининг ўзини ўзи бошқариш органига (яшаб турган маҳалласига) мурожаат қилган ойнинг кейинги ойидан бошлаб тўланади.

Савол: Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам тўлаш муддати қанча?

Жавоб: Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса – 12 ойга тайинланади. Бироқ бу бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги керак. Бундан ташқари, агар туғилган, фарзандликка олинган ёки васийликка қабул қилинган икки ва ундан ортиқ бола парвариш қилинса, у ҳолда бола парвариши бўйича нафақа кичик бола икки ёшга тўлгунга қадар бир баравар миқдорда тўланади.

Савол: Белгиланган муддат тугагандан кейин ҳам бола парвариши бўйича нафақа олиш мумкинми?

Жавоб: Номи зикр этилган қарорга кўра, бола парвариши бўйича нафақани келгусида ҳам олишга муҳтожлиги бўлган тақдирда уни олган шахс тўловларнинг аввалги ўн икки ойлик муддати тугашидан бир ой олдин, бола икки ёшга тўлгунга қадар ушбу нафақани узлуксиз тўланишини давом эттириш масаласини ҳал этиш учун белгиланган тартибда маҳалла фуқаролар йиғинига такроран мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам тўлашнинг белгиланган муддати тугагандан сўнг ариза берувчи нафақа ва моддий ёрдам тўлашни янги муддатга давом эттирилишини сўраб ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам олиш учун ариза олдинги даврда тайинланган нафақа ва моддий ёрдам тўлаш муддати тугаётган ойдан кейинги ойга берилади. Такрорий мурожаатларни кўриб чиқиш умумий белгиланган тартибда амалга оширилади.

ЎзА
17 068