Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.11.2017 18:38 Чоп этиш версияси

Ёрдонлик келин нега ўз қайнонасининг қотилига айланди?

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни бўлиб ўтган мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида баъзи бир салбий ҳолатларга эътибор қаратиб, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва омилларини чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш асосида кейинчалик бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича аниқ топшириқлар берди.

Мамлакатимизда аҳолининг тинч-осойишта ҳаёт кечиришини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун муносиб турмуш шароити яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар ҳафтанинг пайшанбаси “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” деб эълон қилингани ва шу асосда тизимли ишлар олиб борилаётгани амалий самаралар бермоқда.

Фарғона вилоятида ҳам бугунги кунда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ҳар бир маҳаллани жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳар ва туманларда секторлар раҳбарлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда ҳар бир оиланинг ижтимоий-маънавий муҳитини ўрганиб, муаммоларини бартараф этишга ҳаракат қилмоқда. Шу билан бирга, айрим шаҳар ва туманларда жиноятларнинг баъзи турлари кескин ошгани кузатилмоқда. Масалан, хотин-қизлар қўмитаси, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ички ишлар идоралари ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилмагани натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 300 маҳаллада жиноятлар сони ошган.

– Бугунги кунда маҳалла ҳар бир оилага кириб бориб, уларнинг энг яқин кўмакчисига айланиши лозим, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Фарғона вилояти кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ш.Эрматов. – Президентимиз томонидан белгилаб берилган ҳар бир фуқаро онгида “Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак” деган туйғуни шакллантириш вазифаси барчамиз учун муҳим дастуриламал бўлиши зарур. Жорий йилнинг ўтган даврида 138 маҳаллада умуман жиноят содир этилмади, 453 маҳаллада жиноятлар камайишига эришилди. Шунга қарамасдан, ҳали бу борада қиладиган ишларимиз жуда кўп. Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва омилларни ўз вақтида бартараф этиш муҳим вазифамиз бўлмоғи керак.

Халқимизда "Отанг – маҳалла, онанг – маҳалла" деган пурмаъно ҳикмат бор. Бир осмон остида, бир замин устида яшар эканмиз, маҳалла ё кўчамизда, қўшнимиз ё қариндошимизнинг уйида юз бераётган нохушликларда бизнинг ҳам қандайдир даражада айбимиз бўлади. Агар жиноятга, адашишга мойил кимсанинг хатти-ҳаракатларига лоқайд бўлсак, унинг дарди ё муаммосига шерик бўлмасак, янги хатоларга йўл очамиз. Мураккаб вазиятга тушиб қолган инсонни ўз муаммолари билан ёлғиз қолдирсак, унинг тақдири аянчли бўлишига биз ҳам маълум маънода сабабчи бўлиб қоламиз.

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида эр-хотин ва қайнона-келин ўртасида ҳатто қотиллик жиноятлари учраётгани, ёшлар ва аёллар жиноятчилиги борасидаги аҳвол кишини ташвишга солишини афсус билан қайд этди.

Аёл – муқаддас. Қайсидир файласуф айтганидек у гўзаллиги ва меҳри билан дунёни қутқариши мумкин. Айни пайтда агар атрофдагилар унга лоқайд бўлса, дардини тингламаса, орзу-ўйлари билан қизиқмаса, бунинг акси бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. Бугунги кунда ён-атрофимизда рўй бераётган ҳодисаларга диққат билан разм солсак, рақаму далилларни кўздан кечирсак, “нега аёл ўзига, шаънига номуносиб ишларга қўл урмоқда? Ўзи учун муқаддас ва азиз неъматларни баъзан арзимас нарсаларга алишаётганининг сабаби нима?” сингари саволлар қийнайди кишини. Фарғона тумани Ёрдон қишлоғида келини томонидан уриб ўлдирилган қайнона фожиаси ҳам барчамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундайди. Зеро, қайнонани ўз онасидек биладиган халқимиз учун бу иллат мутлақо ёт-ку?!

– Маҳалламизда рўй берган бу жиноятдан ҳали ҳам ўзимизга кела олмаяпмиз, – дейди “Ёрдон” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Қундузхон Аҳмадалиева. – Бу оила ўзига тўқ, бирор марта жанжал чиқмаган. Икки фарзанднинг онаси бўлган аёлнинг мудҳиш жиноятга қўл ургани барчамизни ҳайратга солди. Лекин, кечаги йиғилишда Президентимиз таъкидлаганидек, бунинг асл илдизи бизнинг лоқайдлигимиз, бепарволигимиз оқибати эмасми? Демак, бу жиноятда биз, жамоат ташкилотлари, мутасадди идоралар вакиллари, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғ, ҳамма-ҳаммамизнинг қайсидир даражада айбимиз бор.

Чиндан ҳам, аёлнинг жиноятга қўл уриши оғриқли масала. Аёл ҳеч қачон ўз-ўзидан жиноят қилмайди. Тўғри, ҳамма давлатда, ҳамма жамиятда бундай муаммо бор. Бироқ бундай ҳолат халқимиз менталитетига, унинг дунёқарашига умуман ёт. Шундай экан, хотин-қизлар қўмиталари, маҳаллалар, ёшлар иттифоқи ва бошқа ташкилотлар бу муаммога жиддий эътибор қаратадиган вақт келди. Президентимиз томонидан бундан буён ҳар бир сектор раҳбари жиноятчиликнинг ҳолати учун ҳам шахсан жавоб бериши белгилаб берилгани янада бу ишларда масъулиятли бўлишга ундайди.

Инсон, айниқса, аёл оиласи тинч бўлса, кўнгли хотиржам бўлса, ўзини бахтли ҳис қилади. Эзгу ишларга бел боғлаб, юрт фаровонлигига ҳисса қўшади. Давлатимиз раҳбари томонидан тинч ва осойишта ҳаётимизни таъминлаш борасида амалга оширилаётган бундай эзгу саъй-ҳаракатлар юртимизда инсон ва унинг манфаатларини ҳимоя қилишга бўлган юксак эътибор ифодасидир.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
8 357






Все о погоде - Pogoda.uz