Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.07.2017 12:36 Чоп этиш версияси

Ёнғинларнинг олди олинмоқда

Президентимизнинг 2017 йил 23 майдаги “Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳафтанинг ҳар чоршанбаси мамлакатимизда ёнғинлар профилактикаси куни, деб эълон қилинди.

Қашқадарё вилоятида ҳам ушбу ҳужжат ижроси доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Қарши шаҳар ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари ўтказган ёнғинлар профилактикаси куни тадбирларида 11 касб-ҳунар коллежи, 12 мактабгача таълим ва 8 даволаш муассасаси, 42 маҳалла, 12 хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва 21 давлат тасарруфидаги ташкилот-корхоналарнинг ёнғинга қарши холати текширилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан 412 банддан иборат давлат ёнғин назоратининг ёзма кўрсатмаси тақдим этилиб, барчасини бартараф этишга эришилди. 106 жойда 1 минг 845 ишчи-хизматчи, ўқувчи ва тарбияланувчилар иштирокида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш юзасидан суҳбат ўтказилиб, йўриқномалар тарқатилди.

Текширувлар жараёнида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган 36 фуқарога нисбатан жарима чоралари қўлланилди. Ёнғин чиқиши хавфи бўлган носоз 158 газ ва электр мосламасидан фойдаланиш тақиқланди. Давлат ёнғин назорати ходимлари, профилактика инспекторлари, маҳалла фаоллари, газ ва электр идоралари ходимлари иштирокида аҳоли турар жойларида ноқонуний, носоз ва қўлбола газ ҳамда электр мосламаларидан фойдаланиш оқибатларини тушунтириш мақсадида 476 хонадонга кирилиб, зарур тавсия йўл-йўриқлар берилди.

– Ёнғинни ўчиргандан кўра, унинг олдини олган афзал, – дейди Қарши шаҳар ИИБ ЁХБ бошлиғи, подполковник Машраб Аҳмедов. – Бунда ёнғин хавфсизлиги қоида-талабларини аҳолининг турли қатламларига кенг тушунтириш, ёнғинларнинг олдини олиш, инсонлар ҳаётини ҳимоя қилиш мақсадида ўтказилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирлари муҳим аҳамият касб этмоқда. “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ва тегишли ташкилотлар билан бирга аҳоли гавжум жойларга, шаҳар марказий кўчаларига ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш чоралари, ёнғин содир бўлганда тўғри ҳаракат қилиш тартибини ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини тарғиб қилувчи паннолар ўрнатилди.

Ёнғинлар профилактикаси куни муносабати билан “Ипотека-банк”нинг Қарши шаҳар филиалида бўлиб ўтган тадбирда ҳам асосий эътибор ёнғинларнинг олдини олиш, унга қарши курашиш, огоҳликни ошириш масалаларига қаратилди. Банк биноси атрофидаги кўчаларга ўрнатилган сунъий тўсиқларни олиб ташлаш ва ноқонуний қурилишларни буздириш чоралари кўрилди. Ходимларга ёнғин чоғида ҳаракатланиш тартибини ўргатиш мақсадида мутахассисларнинг ёнғинни ўчириш бўйича амалий-тактик машғулотлари намойиш этилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА
3 825






Все о погоде - Pogoda.uz