ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Ёнғин хавфсизлиги бўйича 126 камчилик аниқланди

Ёнғин хавфсизлиги бўйича 126 камчилик аниқланди

Куз-қишга тайёргарлик 

Жиззах вилояти ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан иншоотларда ўтказилган текширишлар давомида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этишда 23 фуқарога нисбатан маъмурий чора кўрилди, 20 корхона ва ташкилот раҳбарига тақдимномалар киритилди. 

Президентимизнинг 2019 йил 30 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳани 2019/2020 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижросини таъминлашда ёнғин хавфсизлиги талабларининг бажарилиши энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

– Кўп йиллик тажрибалардан маълумки, совуқ кунлар бошланиши билан иссиқликка бўлган талаб ошиши ёнғинлар рўй беришининг кўпайишига сабаб бўлади, – дейди вилоят ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Равшан Ибрагимов. – Шу сабабли ишлаб чиқариш, ижтимоий иншоотларни, турар жойларни куз-қишки иситиш мавсумига тайёрлашда ёнғиннинг олдини олишга қаратилган тадбирларни амалга ошириш энг зарур юмушлардан ҳисобланади. Бу ишни амалга оширишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари ва бошқа дахлдор ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ёнғин хавфсизлиги бўйича белгиланган қоида ва меъёрий талабларнинг ҳар бир масъул ходим ҳамда ҳар бир хонадон эгаси томонидан тўлиқ бажарилишига алоҳида эътибор қаратаётирмиз. 

Шу мақсадда бошқарма томонидан уй-жойлар, бино ва иншоотларнинг 2019-2020 йил куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашда ёнғинга қарши ҳолатини яхшилаш учун 141 ёнғин хавфсизлиги хизмати ходими жалб этилди. Ҳозиргача 10 дан зиёд хусусий уй-жой мулкдорлар ширкатлари ва 28 маҳалла ҳудудида жойлашган аҳоли яшаш хонадонларининг ёнғинга қарши ҳолати ўрганилиб, 132 кўп қаватли уй текширувдан ўтказилди. 

Амалга оширилган тадбирлар давомида 57 чордоқ ҳамда 51 ертўлаларнинг хавфсизлиги таъминланди. Шунингдек, корхона ва муассасаларда, маҳаллалардаги аҳоли турар жойларида уйма-уй юриб олиб борилган профилактик тадбирлар давомида ёнғинлар ва уларнинг келиб чиқиши сабаблари ҳақида 12 минг 445 марта тушунтириш ишлари ўтказилди. 

Аҳоли турар жойларида ёнғин хавфсизлиги ҳолатини ўрганиш давомида жами 126 камчилик аниқланди. Уларнинг 124 таси ёки 98,4 фоизи тадбирлар давомида бартараф этилди. 

Кўп қаватли уйларда олиб борилган ёнғинга қарши профилактик тадбирлар давомида қўлбола сақлагичлардан фойдаланиш бўйича 8 та, эвакуация йўлларининг тўсиб қўйилиши бўйича 2 та, ертўлаларда ва чордоқларда ёнувчи маҳсулотлар сақлаш бўйича 4 та, носоз дудбуронлардан фойдаланиш бўйича 16 жойда, газ таъминотига ностандарт шланглар орқали уланиш бўйича 8 жойда камчиликлар аниқланиб, тегишли идора масъуллари билан ҳамкорликда бартараф этилди. 

Шунингдек, 48 носоз, ностандарт электр ускуна ва агрегатларидан фойдаланиш ҳолатига чек қўйилди. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини мунтазам равишда бузиб келаётган 23 фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди. 

Аҳоли турар жойларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашда ечимини топмаётган муаммолар бўйича вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларига ҳамда тегишли идораларга 20 маротаба ахборотнома, маълумотнома ва тақдимнома киритилди. 

Ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлувчи жиддий камчиликлар 12 маротаба жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди. 

Айни пайтда барча туманларда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб бораётган ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларидан бу соҳага ҳам алоҳида эътибор қаратишни тақозо этаётир. Аксарият қурилиш иншоотларида қурувчиларнинг мувваққат яшаш, овқатланиш жойларига ўрнатилган ёритиш, иситиш қурилмалари ёнғин ва техник хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. 

Давлат тасарруфидаги 28 ижтимоий соҳа объектларида текширув ўтказилиб, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида аниқланган камчиликлар бўйича давлат ёнғин назоратининг баённомалари тузилди. Аниқланган камчиликларнинг 63 фоизи тузатилди. 

Ўтказилаётган тадбирлар давомида тарғибот, тушунтириш ишларига катта эътибор берилаётир. Тадбирларнинг муҳим жиҳати ҳам шу – камчиликларни аниқлаб, кимнидир жазолаш эмас, одамларни рўй
бериши мумкин бўлган офатдан огоҳлантириш. Қанча кўп одам огоҳ бўлса, зарар хавфи шунча камайиши ёки умуман бўлмаслиги мумкин. Огоҳлантириш, тарғибот-ташвиқотнинг аҳамияти ҳам шунда. 

867
Тошқул БЕКНАЗАРОВ, ЎзА