Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.10.2017 18:34 Чоп этиш версияси

Ёқилғи-мойлаш материаллари кимёси ва технологияси соҳасида инновацион ишланмалар

Ёқилғи-мойлаш материаллари кимёси ва технологияси соҳасида инновацион ишланмалар Бухорода шундай мавзуда II халқаро илмий-техникавий конференция бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Фан ва технологиялар агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компанияси, Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда соҳага тегишли қатор олий ўқув юртлари ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда Ўзбекистон, АҚШ, Германия, Дания, Россия, Жанубий Корея, Украинадан таниқли олимлар, етакчи компания ва ишлаб чиқариш корхоналари мутасаддилари ва мутахассислари иштирок этди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида миллий иқтисодиётимизни, жумладан, юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларини ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган. Уларни амалга ошириш эса углеводородли ва кимёвий хомашёларни қайта ишлашда соҳага замонавий инновацион ишланмаларни кенг жорий этишни тақозо этади.

Бугунги кунда юртимизда йиллик лойиҳа қуввати 8,5 миллион тонна бўлган нефть ва конденсатни қайта ишлаш корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Улар бензин, керосин, дизель ёқилғиси каби 70 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариб, мамлакатимиз эҳтиёжини қондирмоқда. Тармоқнинг янада барқарор ривожланиши фан ва ишлаб чиқариш интергациясини жадаллаштиришни янги босқичга кўтаришга ҳам боғлиқ. Мазкур йўналишда мамлакатимизда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Тадбирда экологик тоза, юқори октанли бензин ишлаб чиқариш, МДҲ мамлакатларида мойлаш материалларининг қўлланилиши истиқболлари, инновацион ишланмалардан фойдаланиш, “Евро-5” стандартидаги дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришга ўтишнинг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа долзарб масалалар бўйича ўзаро фикр алмашилди. Шунингдек, соҳани ривожлантиришда халқаро ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

– Халқаро стандартлар талабига жавоб берадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришда илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга, – дейди Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи бош муҳандиси, кимё фанлари номзоди Н.Мухторов. – Корхонамиз бир неча йилдирки, "Ўзбекистон ҳаво йўллари" миллий авиакомпаниясининг “Boing” типидаги самолётлари учун зарур бўлган ёқилғи Jet A-1 авиакеросини ишлаб чиқармоқда. Импорт ўрнини босувчи ушбу ёқилғи лойиҳасини ўзлаштиришда Бутунроссия нефтни қайта ишлаш илмий-текшириш институти билан ҳамкорлик яхши самара берди. Биз яқин истиқболда заводимизни реконструкциялаш доирасида айрим ёқилғи маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича германиялик мутахассис олимлар билан ҳамкорлик қилишга келишиб олдик.

Нефтни қайта ишлаш заводлари, транспорт ва техника воситалари ҳамда агрегатлари барқарор ишлашини таъминлашда мойлаш материаллари алоҳида омил ҳисобланади. Тан олиш керак, уларнинг айримлари катта валюта ҳисобига хориждан келтирилар эди. Айни пайтда бу борада юртимиз олимларининг ишланмалари қўл келмоқда.

Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш долзарб аҳамиятга эга. Қайд этилдики, жаҳоннинг аксарият мамлакатларида фойдаланилган техник мойлар ташлаб юборилиши оқибатида ер ва флорага зарар етказилади. Бу муаммо ечимида Ўзбекистон тажрибаси эътиборлидир. Мамлакатимизда бундай техник мойлар қайта ишланмоқда.

Халқаро анжуманда маҳсулот ишлаб чиқаришда муҳим аҳамият касб этувчи компонентлар, қўндирма-бирикмалар, катализаторлар яратиш борасидаги изланишлар ҳақида фикр алмашилди. Конференция энг замонавий технологиялар тақдимоти вазифасини ҳам ўтади.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
2 514






Все о погоде - Pogoda.uz