ЎзА Ўзбек

15.01.2018 16:16 Чоп этиш версияси

Янги журналистика университети қандай бўлиши керак?

Менинг фикрим

Президентимиз 22 декабрь куни сўзлаган ўз нутқида Журналистика ва оммавий коммуникация университетини очиш тўғрисида айтиб ўтди. Албатта, бу жуда долзарб масала. Зеро, бугунги кунда Ўзбекистон Миллий университетида журналистика, ЎзДЖТУда халқаро журналистика факультети, Қорақалпоғистон давлат университетида журналистика бўлими фаолият юритиб келаётган бўлсада, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларинингкўпайиши, хусусан интернет ОАВнинг жадал ривожланиб бораётганлиги сабабли соҳада кадрлар, энг муҳими, юқори малакали кадрлар тақчиллиги сезилмоқда. 

22.jpgМенимча, янги ташкил этиладиган Университет ўзида журналистика, халқаро журналистика, телеоператорлик ва режиссура, матбаачилик факультетларига, ўз навбатида мазкур факультетлар журналистикадаги долзарб йўналишларни ўзида мужассам этган кафедралар (ЮНЕСКОнинг кафедраси шу жумладан), ўқув радио ва телестудиялари, ўқув газетасини чиқариш учун минитипографиясига эга бўлса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Зеро, бугунги кунда хорижий тилларни мукаммал биладиган, техникадан тўлақонли фойдаланадиган, янги мультимедиавий асосларни ўзлаштирган, медиабозорда ўз ўрнига эга бўлган, жамоада бир бирини тушунган ҳолда фаолият юритадиган (айниқса ТВда) журналист кадрларни тайёрлаш журналистика соҳасидаги қатор муаммоларнинг бартараф этилишига олиб келарди. 

Аммо яна бир муаммо мавжуд. Бу ана шундай замонавий журналистларни тайёрлайдиган профессор-ўқитувчилардир. Албатта, бу масалага жиддий ёндашиш лозим, деб ўйлайман. Сир эмас, журналистика факультетларида бугунги кунда дарс бераётган айрим ўқитувчилар юқорида кўрсатилган талабдаги кадрларни тайёрлашга билими, салоҳияти, малакаси етишмайди. Бунинг учун янги ташкил этиладиган Университетга ўқитувчиларни ишга қабул қилишда улар лавозимга танлов асосида олиниб, тил билиши, камида 10 йил амалиётда иш стажига эга бўлиши (босма, электрон ёки онлайн оммавий ахборот воситасида ишлаган бўлиши шартлиги – ўзи умрида бирорта журналистик материал тайёрламаган, газета-журнал, радио ёки телевидениеда бирор кун ҳам ишламаган ўқитувчи қандай қилиб талабаларга материал – материал бўлганда ҳам ўқишли, телетомошабин ва радиотингловчига маъқул келадиган мақола, кўрсатув, эшиттириш тайёрлаш сирларини ўргатади?!!!), интернетдан фойдалана олиши, мультимедиавий технологиялардан хабардор бўлиши, замонавий педагогик технологиялар асосида дарс ўта олиши лозим. 

Шундагина биз етук журналист кадрларни тайёрлаб бера оламиз.

Наргис ҚОСИМОВА,
филология фанлари номзоди, доцент

ЎзА
13 390