Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 18:21 Чоп этиш версияси

Янги лаборатория иш бошлади

Янги лаборатория иш бошлади Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида яратилаётган замонавий шароитлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, халқимизнинг соғлом ва узоқ умр кечиришини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Бу борада турли юқумли касалликларнинг олдини олишга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётир.

Сил касаллиги ижтимоий хавфи юқори хасталиклар тоифасига киради. Бу дардга чалинганлар узоқ муддатли тиббий-ижтимоий кўмакка эҳтиёж сезади. Мамлакатимизда бундай беморлар давлат муҳофазасига олинган. Уларга барча тиббий хизматлар бепул кўрсатилади, дори-дармон бепул берилади. Ҳудудлардаги шифохоналар ҳам касалликни аниқлаш ва ташхис қўйиш бўйича замонавий ускуналар билан таъминланган. Касаллик профилактикаси, диагностикаси ва даволаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу жараёнда жаҳон тиббиётининг илғор услулларидан самарали фойдаланилмоқда. Хусусан, тиббий текширувларнинг бактериологик асосда ташкил этилаётгани хасталикни эрта аниқлаш, халқаро стандартлар асосида даволаш имконини бермоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси 1-сил касаллигига қарши курашиш диспансери янги лабораториясини фойдаланишга топшириш маросимида шулар ҳақида сўз юритилди. Фтизиатрия ва пульмонология соҳасида улкан ютуқларга эришилиб, сил касалликларига қарши янги дори воситаларини қўллаш, беморларни эмлашнинг янада илғор усулларидан фойдаланилаётгани юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

– Илгари сил таёқчаларининг дори воситаларига сезувчанлигини аниқлаш имконияти йўқ эди, – дейди ушбу лаборатория раҳбари Б.Холмуродов. – Янги лабораторияда бу имконият мавжуд. Замонавий ускуналарда сил таёқчаларининг дориларга сезувчанлигини икки соат мобайнида аниқлаш мумкин. Бу беморларга тез ва аниқ ташхис қўйиш ва вақтида эмлашда муҳим аҳамият касб этади.

Тадбир иштирокчилари лабораторияда яратилган шароитлар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси 2-сил касаллигига қарши курашиш диспансерида ташкил этилган 30 ўринли янги даволаш бўлими фаолияти билан танишди.

Аминбой Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА
2 196






Все о погоде - Pogoda.uz